Судьялар ҳамжамияти органларининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда
Бугунги кунда судьялар ҳамжамияти органлари суд мустақиллигини кафолатлаш, судьялар корпусини шакллантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда судьяликка номзодларни танлашда муҳим ўрин эгалламоқда. Таҳлиллар улар фаолиятида айрим ноаниқликлар мавжудлигини кўрсатди. Шундан келиб чиқиб, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида “Судьялар ҳамжамияти органлари тўғрисида”ги янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Парламент қуйи палатаси мажлисида суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлашга қаратилган мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан судьялар ҳамжамияти органларининг турлари, уларнинг ҳуқуқий мақоми, вазифа ва функциялари аниқ белгилаб қўйилмоқда. Судьялар ҳамжамияти органларининг фаолиятини ташкил этиш асослари мустаҳкамланмоқда. Судьялар малака ҳайъати таркибига жамоатчилик асосида тажрибали суд фахрийларини жалб этиш имконияти яратилмоқда.

Судьяларнинг малака даражаларини бериш, интизомий ишларни кўриб чиқиш ҳамда ваколатларни тўхтатиш ва тугатиш тартиблари ҳам ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланмоқда.
Судьялар ҳамжамияти органларининг ҳуқуқий асослари белгиланиши орқали суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга, судьяларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга эришилади. Натижада шахснинг одил судловга бўлган ҳуқуқлари янада мустаҳкамланишига ҳамда одил судлов сифати ва самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилади. Одил судловга оид халқаро талаблар миллий қонунчилигимизга татбиқ этилишини таъминлайди.
Мажлисда қонун лойиҳаси суд ҳокимиятининг нуфузини мустаҳкамлашда муҳим эканлиги таъкидланиб, биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА