Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш, холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш, суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқишни таъминлашга қаратилган механизмларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилган эди.
Жорий йилнинг 28 июль куни охирги йилларда олиб борилаётган кенг қамровли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, суд органлари тизимидаги улкан ўзгаришлар натижасида янгиланган суд тизимини, суд ҳокимиятининг шаффофлиги, суд муҳокамаларининг очиқлиги, судьянинг мустақиллиги ва дахлсизлиги, унинг юқори даражада кафолатланган ижтимоий ҳимояси билан биргаликда, судьянинг одил судловни олиб боришда масъулиятини ошириш билан боғлиқ қоидалар мужассамлашган Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонуни имзоланди.
Ушбу қонун 101 моддадан иборат.
Қонунинг янги таҳрири аввалги қонунлардан фарқли равишда унинг биринчи моддасиданоқ ҳокимиятларнинг бўлиниш принципига асосланган Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизимини муҳим бир тармоғи бўлган суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллиги билан боғлиқ қоида ўз аксини топган. Жумладан қонуннинг 1-моддасида Ўзбекистон Республикаси суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти фақат судлар томонидан амалга оширилиши, ҳеч қайси бошқа органлар ва шахслар суд ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириб олишга ҳақли эмаслиги белгилаб қўйилди.
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, одил судловни амалга ошириш ваколати берилган судьяга мазкур фаолият билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилиши тақиқланганлиги ҳам судьяларнинг мустақил ва фақат қонунга бўйсунган ҳолда иш юритишининг қонун даражасида кафолатланганлигини англатади.
Одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланган, судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва судга нисбатан жамият ишончини оширишнинг самарали воситаси ҳисобланувчи суд ишларини юритишнинг ошкоралиги тамойили қонуннинг 12-моддасида ўз аксини топган. Мазкур конституцион тамойилга кўра, барча судларда ишлар очиқ кўрилади, ишларни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади. Суд мажлисида ҳозир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залида қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкин.
Қонунга биноан судьяга одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот тизимларидан бепул асосда олиш ва шахсга доир маълумотлар мавжуд ахборот тизимларидан фойдаланиш, шу жумладан масофадан туриб фойдаланиш, давлат органлари, шунингдек бошқа ташкилотларнинг ахборот тизимларидан одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган шахсга доир маълумотларни фуқароларнинг ёзма розилигисиз бепул асосда олиш каби янги ваколатлар берилган.
Судья зиммасига ўз ваколатларини амалга оширишда, шунингдек хизматдан ташқари муносабатларда судьялик одоби кодекси талабларига риоя этиши, суд ҳокимияти обрўсини, судьянинг шаъни ва қадр қимматини тушириш ёки унинг беғаразлиги, холислиги ва адолатлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатдан ўзини тийиши, коррупцияни ҳар қандай кўринишларига ва одил судловни амалга ошириш бўйича ғайриқонуний аралашишларга уринишларга қаршилик кўрсатиши керак. Бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгашига хабар қилиши, шахсан ёки ишончли шахслар орқали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмаслик, шу жумладан хўжалик юритувчи субъектни бошқаришда унинг ташкилий ҳуқуқий шаклидан қатъий назар, иштирок этмаслик, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган чет эл банкларида ҳисобварақлар очишга ва уларга эга бўлишга, нақд пул маблағларини ҳамда қимматликларини сақлашга ҳақли эмаслиги белгиланган.
Бундай чеклов судьянинг эрига (хотинига) ва вояга етмаган фарзандларига ҳам амал қилиши, судда кўриб чиқилаётган масала юзасидан суд ҳужжати қонуний кучга киргунга қадар ошкора мулоҳаза билдирмаслик, қонунга мувофиқ махфий ахборот жумласига киритилган, судьялик ваколатларини амалга ошириш муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни судьялик ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда ошкор этмаслик ёки фойдаланмаслик каби суд ҳокимияти нуфузини туширадиган ва судьянинг обрў-эътиборига путур етказадиган ёки унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳаракатлардан ўзини тийиш каби масъулият ва мажбуриятлар юклатилди.
Судьяга давлат ҳисобидан унинг юксак мақомига муносиб моддий ва ижтимоий таъминот берилиши, унинг мустақиллигини чеклайдиган қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинишига йўл қўйилмаслиги, судья, унинг оила аъзолари ва уларнинг мол-мулки давлатнинг алоҳида ҳимоясида эканлиги, судьялар хизмат сафарига юборилганда ҳаво, темир йўл, автомобиль, йўловчилар транспортида (такси ва шаҳар йўловчилар транспорти бундан мустасно) жой билан банд қилиб қўйиш ва йўл ҳужжатларини навбатсиз олиш ҳуқуқи берилган.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисининг судьялар дахлсизлигини бузганлик ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик фактлари тўғрисидаги тақдимномаси прокуратура органлари томонидан бир ой муддатда кўриб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси кўрсатилган фактлар бўйича жиноят иши қўзғатилганлиги ёки қўзғатишни рад этилганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига хабар бериш шартлиги кўрсатилган.
Судьяни ҳуқуқни муҳофаза қилинувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун фақат тегишли судьялар малака ҳайъатининг розилиги билан йўл қўйилиши, судьянинг турар жойига ёки хизмат хонасига, фойдаланадиган транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, уларда тинтув ўтказиш ёки улардан ашёни олиш, унинг телфондаги сўзлашувларини эшитиш, судьяни шахсан кўздан кечириш ва уни шахсий тинтув қилиш, унинг хат хабарлари, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш, олиб қўйиш ёхуд олиш фақатгина суднинг қарорига биноан ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг рухсати билан амалга оширилиши мумкинлиги белгиланган.
Судьянинг мустақиллиги, дахлсизлиги, улар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслигининг давлат томонидан кафолатланиши, моддий ва ижтимоий таъминот даражаларининг юқори эканлигини кафолатловчи янги қонунчилик нормалари жамиятда одил судловга эришишнинг, судлар томонидан қонуний, асоланган ва адолатли суд қарорлар қабул қилишнинг муҳим омили ҳисобланади.
Турғун Қаҳҳоров,
Навоий вилоят суди судьяси.
ЎзА