Судья А.Эргашев: “Боди-камера”даги ёзувлар монтаж қилинган
Жорий йилнинг 13 июль куни Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди судьяси Алишер Эргашев ҳамда “Тошкент” карантин блок постида хизмат вазифасини ўтаётган Миллий гвардия ва ички ишлар органлари ходимлари билан содир бўлган воқеа муҳокама марказида бўлиб турибди
Жорий йилнинг 13 июль куни Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди судьяси Алишер Эргашев ҳамда “Тошкент” карантин блок постида хизмат вазифасини ўтаётган Миллий гвардия ва ички ишлар органлари ходимлари билан содир бўлган воқеа муҳокама марказида бўлиб турибди.
ЎзА ушбу мавзу бўйича “Судьялар дахлсизлигига дахл қилиш қонунни рад этиш эмасми?, (14.07) “Судьялар олий кенгаши судьяга тан жароҳати етказилгани ҳолати бўйича хизмат текшируви ўтказмоқда” (15.07) ҳамда “Гулистондаги ҳолат бўйича ички ишлар бошқармаси расмий муносабат билдирди” (16.07) сарлавҳали материаллар эълон қилинган эди.
Мухбиримиз Гулистон шаҳридаги Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти судида бўлиб, воқеа иштирокчиси бўлган судья Алишер Эргашев билан учрашди.
А.Эргашев суҳбат аввалида бўлиб ўтган воқеалар юзасидан Бош прокуратура назоратида мутасадди идоралар томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётганини, жараёнга босим ёки бошқача тарзда таъсир ўтказишни истмаслигини айтди. Саволларимиз суриштирув жараёнига босим даражасида бўлмасагина, жавоб беришга розилик берди.
– Жорий йилнинг 13 июль куни Сиз билан қандай ҳолат юз берган эди? Воқеани батафсил сўзлаб бера оласизми?
– Автомашинамдаги “видео-регистратор”даги видео ёзувларни ўз ихтиёрим билан Судьялар Олий Кенгашига ва прокуратура органларига тақдим этганман. Суриштирув ва текширув ишлари олиб борилмоқда. Мен Бош прокуратура назоратида суриштирувни олиб бораётган тегишли ҳуқуқ тартибот идораларининг ишни холисона ва адолатли ҳал қилишларига ишонаман.
(Судья А.Эргашев автомашина “видео-регистратор”дан ёзиб олинган видеоёзувни намойиш қилиб берди. Аммо, бу текширув жараёнига босим ёки бошқача таъсир кўрсатиш сифатида қаралиши мумкин, деб видеоёзувни таҳририятга тақдим этишни хоҳламади).
– Сиз билан жорий йилнинг 13 июль куни содир бўлган ўша жараён хусусида сайтимизда бир қанча мақолалар эълон қилинди, улардан хабардор бўлсангиз керак?
– Хабарим бор, танишдим. Мен билан боғлиқ бўлган ўша воқеа ҳақида бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам жуда кўп чиқишлар бўлаяпти. Лекин бу чиқишларнинг бирортасига расмий жиҳатдан ўз муносабатимни билдирмаяпман. Демоқчиманки, уларнинг чиқишларига мен умуман дахл қилаётганим йўқ. Ҳаммасини (чиқишлар ва изоҳларни) босиқлик ва вазминлик билан қабул қилаяпман. Шунингдек, бошқа ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар ва изоҳларни назарда тутган ҳолда айтаманки, уларнинг бирортасига мен муносабат ёки фикр билдирмадим. Мен ўз муносабатимни, юқорида айтганимдек, текширув якунига етиб, якуний хулоса келтирилгандан сўнг айтишим мумкин.
– Лекин “Гулистондаги ҳолат бўйича ички ишлар бошқармаси расмий муносабат билдирди” сарлавҳали чиқиш билан танишган, ИИБ ЙХҲБ ходимларининг “боди-камера”сидаги видео ёзувларни кўрган кишида сизни айбсиз эканингизга шубҳа пайдо бўлиб қолади?
– Сиз айтаётган муносабат билан мен ҳам танишдим, “боди-камера”да ва “видеорегистратор” олинган видеоёзувлар қўшиб ишлаган видеолавҳаларни ҳам кўрдим. Унга мутлақо қўшилмайман. “Боди-камера”даги ёзувлар монтаж қилинган. Текширув ишларини олиб бораётган мутасаддилар ўз касбларининг ҳақиқий профессионаллари эканига, монтаж ва ҳақиқий ёзувнинг фарқига боришларига ишонаман. Хулоса адолатли ва холисона ҳал қилинади, деб умид қиламан.
– Сизнинг машинангиздаги “видео-регистратор”даги ёзувларни ҳам ИИБ ходимларининг “боди-камера”сидаги ёзувларни ҳам кўрдик. Шу ҳолатдан келиб чиқиб сиз ўзингизни ёки ўша жараёнда иштирок этган ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимларини қанчалик айбдор, деб биласиз?
– Мен бу ҳолатда қонун доирасидан четга чиққаним йўқ. Менинг “видео-регистратор”имдан нусхаланган ёзувни диққат билан томоша қилдингиз, эшитган бўлсангиз, менинг товушимни, машинамнинг ўнг тарафидан келган ИИБ ходимига гувоҳномамни кўрсатиб, “Судьяман” деб гувоҳномамни кўрсатган жойи бор. Аммо, уларнинг ҳеч бири қулоқ солмай автомашинам йўлини сариқ рангдаги панжара билан тўсяпти. Ваҳолангки, видео-камерадаги ёзувга эътибор берган бўлсангиз, менинг машинамни ортидан ИИБ ходими бошқарувида келаётган шахсий автомобиль ўтказиб юбориляпти. На тез ёрдамнинг, на бошқа транспорт воситасининг “сирена” сигнали эшитилмаяпти. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда видеолавҳанинг монтаж қилингани ҳақида кўп блогерлар, интернет фойдаланувчилари ҳам кўплаб мисолларни келтириб ўтишган, хулоса ўзингиздан.
Қолаверса, Тез тиббий ёрдам вакилидан олинган интерьвюда у “Бизга 4-мавзедан чақирув бўлганди, шунга бораётганимизда кўприк олдида бир машина йўлимизни тўсди, ИИБ ходимлари уни йўлимиздан олдирди” деяпти. Биринчидан, Тез тиббий ёрдамнинг ўзи 4-мавзеда жойлашган, ўзлари жойлашган жойга атайлаб шаҳарнинг темир йўлдан нариги тарафига, шаҳарнинг маҳалла қисмига ўтиши, яъни тахминан 8 км. узоқлика бориб айланиб қайтиб келиши ақлга сиғмайди. Иккинчидан, ИИБнинг муносабатида айтилганидек, “оғир касал олиб кетаётгандик”, демаяпти, “чақирув бўлганди” деяпти. Қолаверса қайси кўприклиги ҳақида ҳам, айнан қайси машина ҳақида ҳам аниқ гапирмаяпти. Буёғига ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг...
Қолаверса, Тез тиббий ёрдам вакилидан олинган интерьвюда у “Бизга 4-мавзедан чақирув бўлганди, шунга бораётганимизда кўприк олдида бир машина йўлимизни тўсди, ИИБ ходимлари уни йўлимиздан олдирди” деяпти. Биринчидан, Тез тиббий ёрдамнинг ўзи 4-мавзеда жойлашган, ўзлари жойлашган жойга атайлаб шаҳарнинг темир йўлдан нариги тарафига, шаҳарнинг маҳалла қисмига ўтиши, яъни тахминан 8 км. узоқлика бориб айланиб қайтиб келиши ақлга сиғмайди. Иккинчидан, ИИБнинг муносабатида айтилганидек, “оғир касал олиб кетаётгандик”, демаяпти, “чақирув бўлганди” деяпти. Қолаверса қайси кўприклиги ҳақида ҳам, айнан қайси машина ҳақида ҳам аниқ гапирмаяпти. Буёғига ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг...
– ИИБ ходимларидан бирининг “Ол уни буёққа!” деган буйруғи эшитилгач, сизни “Вой қўлим!” деган овозингиз эшитилди. Сизга ўша жараёнда тан жароҳати етказилгани ҳақида тиббий экспертиза хулосаси билан танишдингизми? Ҳозир ҳолатингиз қандай?
– Тиббий экспертиза хулосаси билан танишдим, у ерда ҳаммаси тўғри ёзилган, уни Судьялар Олий Кенгашига ҳам тақдим этганман. Лекин тўғриси, ҳозир оила аъзоларимда, ўзимда ҳам руҳий зўриқиш, руҳий босим мавжудлиги сабабли қолган ҳолатларга изоҳ бермайман.
– Сизга ёки оилангизга кимдир ёки кимлардир томонидан тайзиқ ўтказилаяптими?
– Қўни-қўшни, таниш-билишларнинг оиламга, фарзандларимга, қолаверса, ўзимга қилаётган телефонлари, учрашганда сўрашлари, буларнинг барчаси руҳий таъсир қилиши шубҳасиз. Тўғриси, яхши бўларди, мен ўз муносабатимни, текширув жараёни ниҳоясига етгач, айтсам. Мен, ИИБ ходимларини ҳам тушунаман, уларнинг ҳам оиласи, бола-чақаси бор, уларга ҳам ижтимоий тармоқлардаги ҳолатлар оғир таъсир қилаётганини тушунаман. Ҳозир бирортасининг исм-шарифини айтиб, уларни айбдор деб ёки айбсизларини ҳам айбдорларга қўшиб айбдор бўлиб қолишини истамайман. Мен текширув ишлари якунланмасдан туриб бирорта шахсни шаъни, қадр-қимматини камситишга ҳаракат қилишдан йироқман.
Мен яна бир бор айтаман, жорий йилнинг 13 июлида бўлган ҳолат юзасидан қонун доирасида иш тутдим. Ўзимни айбдор деб ҳисобламайман. Бошқа саволларингизга жавоб бера олмайман ва ўйлайманки, сиз ҳам мени тўғри тушунасиз.
Мен яна бир бор айтаман, жорий йилнинг 13 июлида бўлган ҳолат юзасидан қонун доирасида иш тутдим. Ўзимни айбдор деб ҳисобламайман. Бошқа саволларингизга жавоб бера олмайман ва ўйлайманки, сиз ҳам мени тўғри тушунасиз.