Гулистондаги ҳолат бўйича Ички ишлар бошқармаси расмий муносабат билдирди
Олий суд ахборот хизмати хабарига асосланган “Судьялар дахлсизлигига дахл қилиш қонунни рад этиш эмасми?” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
2020 йил 14 июль куни сайтимизда Олий суд ахборот хизмати хабарига асосланган “Судьялар дахлсизлигига дахл қилиш қонунни рад этиш эмасми?” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Унда Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрига кириш қисмида ўрнатилган блок постда Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди судьяси А.Эргашев постда хизмат олиб бораётган ходимлар томонидан ўтказиб юборилмай, аксинча уни шахсий автомашинасидан мажбуран тушириб, ҳақоратлангани ва тан жароҳати етказилгани ҳолати баён этилган.
Бу воқеа ижтимоий тармоқларда бошқа фойдаланувчилар томонидан ҳам ёритилди ва кенг муҳокамага сабаб бўлди.
Ушбу ҳолат бўйича Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати расмий муносабат билдирди. Қуйида муносабат билан тўлиқ танишинг:
“Маълумки, жорий йилнинг 10 июлидан бошлаб республикамизда карантин чоралари кучайтирилди. Республика махсус комиссияси қарори билан «Коронавирус пандемиясини олдини олиш ва карантин қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш» мақсадида Гулистон шаҳар Улуғйўл МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-34 халқаро давлат аҳамиятига эга «Тошкент-Термиз» автойўлининг 117-км.да ташкил этилган «Тошкент» карантин блок пости орқали Гулистон шаҳрига кириш ушбу автойўлнинг иккита ҳаракатланиш бўлаги орқали амалга оширилмоқда.
«Тошкент-Термиз» автойўли халқаро давлат аҳамиятига эга автойўл эканлиги инобатга олиниб, ушбу автойўлнинг учинчи ҳаракатланиш бўлаги автотранспорт воситаларининг тўғрига тўхтамасдан ҳаракатланишлари учун очиб қўйилган. Ушбу ҳаракат бўлагидан фақатгина кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда автотранспорт воситалари (тез ёрдам, махсус белгили хизмат автотранспорт воситалари в.х.к)нинг шаҳар ҳудудига тўсиқсиз ўтиши учун мўлжалланган.
Бироқ, шундай ҳайдовчилар борки, улар белгиланган қоидаларга риоя этмасдан, махсус транспорт воситаларининг тўсиқсиз ҳаракатланишига ҳалақит бермоқда. Биргина мисол, жорий йилнинг 13 июль куни соат 09:30 ларда оқ рангли, «Некция-1» русумли, 01 X 172 DA д.р. белгили автомашина ҳайдовчиси (кейинчалик маълум бўлишича Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди судьяси А.З.Эргашев) «Тошкент» карантин блок пости орқали мўлжалланган иккита ҳаракатланиш бўлаги орқали ҳаракатланмасдан, учинчи ҳаракатланиш бўлаги орқали Гулистон шаҳрига кирмоқчи бўлган.
Натижада автойўлнинг учинчи бўлагида ҳаракатланиб келаётган тез ёрдам автомашиналарини йўлини тўсиб қўйган. Орқа томондан товушли сигнал ва маёқларини ёқиб ҳаракатланиб келаётган тез ёрдам автомашинасида оғир касал келаётганлиги боис шу ерда хизмат ўтаётган Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимларига алоқа воситаси орқали хабар келиб тушганлиги сабабли, ходимлар зудлик билан тез ёрдам автомашинасини тўсиқсиз ўтказиб юбориш учун мазкур ҳайдовчига автомашинани тўғрига ҳаракатлантириш ишорасини кўрсатган бўлсада, ҳайдовчи ўзини таништирмасдан, ходимларнинг талабларини бажармасдан, автомашинасини йўлнинг қатнов қисмида тўхтатиб, тез ёрдам автомашинасининг тўсиқсиз ҳаракатланишига халақит қилган.
Шундан сўнг мазкур блок постда хизматга жалб этилган ва ҳолатни кузатиб турган, Сирдарё вилояти ИИБ ходимлари унинг ёнига бориб, ЙҲХБ ходими билан бирга ҳайдовчига орқасидан ҳаракатланиб келаётган тез ёрдам автомашинасини йўлини тўсиб қўйганлигини тушунтирган, бироқ ҳайдовчи автомашинасини жойидан қўзғатмаслигини айтиб, ходимларга қўпол муносабатда бўлган.
Шундан сўнг ходимлар мазкур ҳайдовчи бошқарувидаги автомашина орқасида турган тез ёрдам автомашинасини тўсиқсиз ҳаракатини таъминлаш ва тирбандликни бартараф этиш мақсадида «Некция-1» автомашинаси ҳайдовчисини автомашинадан тушириб, автомашина йўлдан олинган. Муаммо бартараф этилгандан сўнг ҳайдовчи ўзини таништирган. Шундан сўнг ҳайдовчига кетишга рухсат берилган. Ҳайдовчи ва Ички ишлар органлари ходимлари ўртасидаги мулоқот ходимларнинг бодикамераларида тўлиқ акс эттирилган”.
Ҳар ким ўзича ҳақ бўлиши мумкин, лекин асл вазиятга аниқлик киритиш учун прокуратура иш олиб бормоқда.
Демак, ҳодисага қонуний баҳо берилишини кутамиз.