Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ва “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида “Суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги муносабат” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда муносабатларнинг ҳуқуқий асоси, бу борада халқаро ҳуқуқий нормалар ҳамда хориж тажрибаси хусусида сўз юритилди.
Халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари раҳбарлари, шунингдек, АҚШ Суд институтининг директори, ЮНЕСКОнинг ОАВ билан алоқалари бўйича координатори (Канада), ОАВ ҳуқуқи ва одоб-ахлоқини ўрганиш маркази директори (АҚШ) ва бошқа кўплаб нуфузли халқаро экспертлар маърузалар билан иштирок этди.
Қайд этилдики, жамият тараққиётини очиқлик ва шаффофликсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ҳозирги босқичида айни мезонлар янги Ўзбекистон ижтимоий ҳаётида яққол намоён бўлмоқда. Бугунги кун шиддати суд тизими ходимлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасидаги конструктив мулоқотлар самарадорлигини янада оширишни тақозо қилмоқда.
Бу жараёнда суд ҳокимияти вакилларининг жамоатчилик билан ишлаш кўникмаларини янада шакллантириш қанчалик муҳим бўлса, оммавий ахборот воситалари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳам шунчалик муҳимдир.
Бунда судьялар ва журналистлар ўртасида конструктив мулоқот ўрнатиш, амалий ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирда иштирок этган халқаро экспертлар суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситалари ўртасида муносабатни тартибга солувчи халқаро ҳужжатлар мазмун-моҳияти, суд ишларини ёритиш бўйича хориж тажрибаси, муаммо ва ечимлар хусусида маърузалар қилди.
Давра суҳбатида судлар фаолияти ёритилишида суд мустақиллиги ва судьялар дахлсизлиги, инсон шаъни ва қадр-қиммати, жисмоний ва юридик шахсларнинг ишчанлик обрўси муҳофазасига оид масалалар кенг муҳокама қилинди.
ЎзА