Суддаги ахборот: котиб овозидан электрон таблогача
Бугунги кун суд амалиёти суд биносида фуқаролар ва процесс иштирокчиларига суд мажлислари ҳақида ахборот беришни инсон омилига, хусусан, суд котибининг йўлакда (коридорда) тарафларни чақириши билан боғлиқ ҳолатдан рақамли ва стандартлаштирилган ахборот муҳитига ўтказиш вақти келганини кўрсатмоқда.
Судга келган тарафни суд котибининг йўлакда (коридорда) овоз чиқариб қидириши бу – суд хизматини ташкил этишнинг энг қулай ва замонавий усули эмас. Дунё амалиёти шуни кўрсатадики, суд биносида ахборот етказишда инсон омилидан кўра, уни стандартлаштирилган электрон суд жадвали, ахборот таблоси, рақамли навигация ва зарур ҳолларда овозли хабар бериш орқали етказиш самаралироқдир. Бундай тизим котибни “тирик табло” вазифасидан озод қилиб, унинг асосий процессуал ва ташкилий вазифаларига эътибор қаратиш имконини оширади.
Бундай амалиёт Янги Зеландия, АҚШ, Хитой, Жанубий Корея ва Туркия давлатлари тажрибасида кузатилади. Айни тажрибани қиёсий ўрганган ҳолда Ўзбекистонда суд амалиётига MySudUz рақамли хизматлари билан интеграция қилинган “электрон табло” модели таклиф этилади. Натижада шахсий маълумотлар ҳимоя қилинган ҳолда ахборот очиқлиги таъминланади, ногиронлиги бўлган шахслар учун ахборотдан фойдаланиш имконияти кенгаяди, иш ҳолати тезкор янгиланади ва суд котибининг функционал юкламаси мақбуллашади.
Судга келган фуқаро учун биринчи навбатда ҳал қилиниши керак бўлган масала, яъни унинг иши қайси вақтда, қайси залда кўрилиши ва мажлис ҳолати қандай эканини тез ва тушунарли тарзда билишидир.
Агар суд биносида ахборот олишнинг асосий усули котибнинг тарафларни йўлакда (коридорда) чақириши бўлса, тизим ходимга боғлиқ бўлиб қолади. Бу эса ходим ташкилий юкламасини оширган ҳолда ахборотнинг ўз вақтида етказилмаслигига, фуқаронинг вақт йўқотишига ҳамда суд биносида навигациянинг ноқулайлигига олиб келиши мумкин.
Замонавий суд хизматининг муҳим белгиларидан бири — фуқаронинг оддий ташкилий саволларга ходимни изламасдан жавоб топа олишидир. Бунинг учун суд биносидаги ахборот муҳити суд мажлислари жадвали, электрон дисплейлар, рақамли навигация ва зарур ҳолларда овозли хабардор қилиш воситалари билан уйғунлаштирилиши лозим. Бу ёндашув суд котибининг вазифасини қисқартириш эмас, балки унинг вақти ва профессионал ресурси процессуал вазифаларга йўналтирилишини таъминлашга хизмат қилади.
Суд биносида ахборот беришнинг самарали моделида фуқаро ахборотни уч босқичда қабул қилиши мумкин: биринчидан, бино кириш қисмидаги умумий электрон табло орқали; иккинчидан, қават ва заллар бўйича навигацион дисплей орқали; учинчидан, муайян суд зали олдидаги кичик дисплей ёки овозли хабар орқали. Бунда барча каналлар бир хил маълумот манбасидан ишлаши муҳим.
Бугун биз хорижий давлатлар суд амалиётини тўғридан-тўғри кўчирмасдан, унинг умумий ташкилий принципларни ўрганишимиз муҳим. Улардан энг асосийси – суд жадвали ва иш ҳолати ҳақидаги маълумотни фуқарога аниқ, кўринадиган ва тез янгиланадиган шаклда етказиш.
Масалан, Янги Зеландия Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, кўплаб судларда суд ишларининг кунлик рўйхатлари “кутиш ҳудудлари”да жойлаштирилади, иш ҳажми юқори бўлган судларда эса жадваллар электрон таблоларда ҳам эълон қилинади. Суд электрон таблоларида мажлис вақти, жойи, иш рақами, тарафлар ва иш тури каби маълумотлар бўлиши мумкин.
АҚШ суд амалиётида ҳам суд мажлислари жадвалларини электрон шаклда тақдим этиш кенг қўлланади. Айрим судларнинг расмий жадваллари мажлисларнинг вақти ва жойини жамоатга тақдим этади, суд залларида эса электрон ва мультимедиа технологияларидан фойдаланиш имкониятлари мавжуд.
Хитой Олий Халқ Суди томонидан тасдиқланган суд зали қоидаларида судлар суд залларининг рақами, аниқ жойлашуви ва томошабинлар ўринлари ҳақидаги маълумотларни расмий веб-сайт, электрон ахборот панеллари орқали жамоатга етказиши белгиланган. Бу шунчаки техник жиҳоз эмас, балки суд мажлиси тўғрисидаги маълумотларни реал вақт режимида акс еттирувчи оммавий канали сифатида қараш мумкинлигини кўрсатади.
Жанубий Корея Олий Суди электрон судлов ва электрон суд залларини тизимли равишда ривожлантирган. Расмий маълумотларда электрон суд заллари катта электрон ахборот панеллар (дисплейлар), рақамли визуал воситалар ва суд материалларини тезкор намойиш этиш имкониятлари билан жиҳозлангани қайд этилган. Демак, рақамлаштириш фақат ҳужжатларни электрон шаклга ўтказиш билан чекланмасдан, процесс иштирокчилари учун суд биносида яратилган имкониятларни ҳам қамраб олиши керак.
Туркиянинг UYAP тизими (миллий суд информатика тизими) эса фуқароларга суд ишлари ва мажлис кунлари ҳақида электрон тарзда маълумот олиш имконини беради.
Ўзбекистонда ҳам Олий судининг MySudUz интерактив хизматлар порталида «Суд мажлислари жадвали» хизмати мавжуд бўлиб, у судлар томонидан тайинланган мажлисларнинг санаси ва вақти ҳақида ахборот олиш имконини беради. Шунингдек, портал «Менинг суддаги ишим», «Онлайн кузатув», «Суд хабарномаси» ва видеоконференцалоқа каби хизматларни ҳам қамраб олган.
Шу сабабли суд биносидаги электрон таблони алоҳида, мустақил ахборот тизими сифатида эмас, балки мавжуд рақамли суд хизматларининг фуқарога кўринадиган жисмоний интерфейси сифатида лойиҳалаш мақсадга мувофиқ. Бунда бирламчи маълумот манбаси ягона бўлади, табло, веб-портал ва мобил хизматлар эса шу маълумотнинг турли каналлардаги кўринишига айланади.
Шуни ҳисобга олган ҳолда, суд биносидаги “электрон табло”да қуйидаги маълумотларни акс эттириш мақсадга мувофиқ:
иш рақами ёки шахсни хавфсиз аниқлаш воситаси (идентификатор);
мажлис вақти;
суд зали рақами;
ишнинг умумий тоифаси;
мажлис ҳолати: «кутилаяпти», «бошланди», «кечиктирилди», «якунланди», «бошқа залга кўчирилди»;
зарур ҳолларда зал ўзгариши ёки кечикиш ҳақида қисқа хабар;
очиқ суд ишларида қонунчилик талаблари доирасида тарафларнинг қисқартирилган номи.
Электрон табло очиқликни ошириш воситаси бўлиши билан бирга, шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш талабларини бузмаслиги керак. Айниқса оилавий низолар, вояга етмаганлар, шахсий ҳаётга оид ҳолатлар ёки қонунга мувофиқ ёпиқ кўриладиган ишлар бўйича тўлиқ Ф.И.О.ни оммавий экранга чиқариш мақсадга мувофиқ эмас. Бундай ҳолатларда иш рақами ёки автоматик шаклда яратилган қисқа идентификатордан фойдаланиш мумкин.
Электрон табло жорий этилиши суд котибининг меҳнат функциясини бекор қилмайди. Аксинча, унинг ахборотни қайта-қайта оғзаки етказишга сарфланадиган вақти қисқаради ва процессуал ҳужжатлар билан ишлаш, суд мажлисини ташкилий таъминлаш, маълумотларни тизимга киритиш ҳамда судянинг ташкилий кўрсатмаларини бажариш каби вазифаларга кўпроқ эътибор қаратиш имкони пайдо бўлади.
Ўз навбатида, “Электрон табло” учун қуйидаги техник алгоритмлар таклиф этилади:
суд мажлисига оид ҳолат ваколатли ходим томонидан суднинг ахборот тизимида белгиланади;
маълумот марказий ахборот базасида янгиланади;
суд биносидаги асосий табло тегишли мажлисни вақт, зал ва ҳолати бўйича кўрсатади;
мажлис кечикса ёки бошқа залга кўчирилса, ўзгариш автоматик равишда таблода акс этади;
зарур ҳолларда овозли хабар иш рақами, зал ва умумий ҳолат билан чекланади;
ёпиқ ёки чекланган ахборотга эга ишлар учун шахсий маълумотларни экранга чиқариш автоматик равишда чекланади;
табло, веб-портал ва мобил хизматлар ягона маълумот манбасидан фойдаланади.
Бундай тизим фуқаронинг судда мустақил ҳаракатланиши ва йўналишни аниқлаш имкониятини оширади, суд котибининг ортиқча ташкилий юкламасини камайтиради, мажлис кечикиши ёки зал ўзгариши ҳақидаги ахборот тезроқ етказилади, суд хизматларининг шаффофлиги ва фойдаланувчига йўналтирилганлиги ошади, ногиронлиги бўлган шахслар, эшитишда қийинчилиги бор фуқаролар ва суд биносига биринчи марта келган шахслар учун қулайлик яратилади, янги суд биноларида рақамли инфратузилма бир хил стандарт асосида шаклланади.
Суд хизматларини рақамлаштиришнинг кейинги босқичи фақат электрон ҳужжат айланмаси ёки онлайн мурожаатлар билан чекланмаслиги керак. Суд биносининг ўзи ҳам фуқарога ахборот берувчи, навигацияни таъминловчи ва процессуал жараённи тушунишни осонлаштирувчи рақамли муҳитга айланиши зарур.
Таҳлил қилинган хорижий тажриба Ўзбекистон учун тайёр моделни кўчириш зарурлигини эмас, балки қуйидаги учта умумий принципни қўллаш мумкинлигини кўрсатади. Булар: ахборотнинг стандартлаштирилиши, маълумотнинг ўз вақтида янгиланиши ва унинг фойдаланувчи учун тушунарли шаклда тақдим этилишидир. Бу эса, Ўзбекистонда MySudUz орқали суд мажлислари жадвали ва бошқа рақамли хизматлар мавжудлиги электрон таблони ушбу инфратузилма билан интеграция қилиш учун амалий асос яратади.
Хулоса қилиб айтганда, янги суд биноларини қуриш ва мавжуд суд биноларини реконструкция қилиш лойиҳаларида электрон суд ахборот таблолари, рақамли навигация ва овозли хабардор қилиш тизимларини алоҳида инженерлик-информацион инфратузилма сифатида назарда тутиш мақсадга мувофиқ. Бу талаб фақат “табло ўрнатиш” билан чекланмасдан, уни UYAP (миллий суд информатика тизими) билан интеграция қилиш, шахсий маълумотларни автоматик ҳимоялаш, иш ҳолатини реал вақтга мослаш ва имконияти чекланган шахслар учун ахборотнинг альтернатив каналларини таъминлаш каби ҳолатларни ҳам қамраб олиши лозим.
Бир сўз билан айтганда, судни замонавий қиладиган нарса фақат бинонинг ташқи кўриниши эмас. Судга келган инсон “Қайси залга киришим керак?”, “Ишим бошландими?”, “Нима сабабдан кечикяпти?” деган оддий саволларга ходимни излаб юрмасдан жавоб топа оладиган муҳит яратилиши керак. Суд котиби эса тарафларни қидириб юрадиган “тирик табло” эмас, балки ўзининг процессуал ва ташкилий вазифаларини сифатли бажарадиган суд ходими бўлиши лозим.
Ўткирбек ДАВЛEТОВ,
Жамоат хавфсизлиги университети
Фуқаровий-ҳуқуқий фанлар кафедраси
бошлиғининг ўринбосари.