"Рақамли суд": ислоҳотларининг янги босқичи
Бугун ҳаётимизнинг барча соҳаларига рақамли технологияларнинг жадал кириб келиши суд-ҳуқуқ тизимини ҳам замонавий талаблар асосида такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Суд жараёнларининг тезкорлиги, очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқаролар ҳамда тадбиркорларга қулайлик яратишда рақамлаштириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, рақамлаштириш ишларини изчил давом эттириш ва судларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинган.
Мазкур ҳужжат билан судлар фаолиятини замонавийлаштириш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш муҳим вазифалар сифатида белгиланди. Бу, аввало, фуқаролар ва тадбиркорлар учун судга мурожаат қилиш жараёнини содда, тезкор ва шаффоф қилишга хизмат қилади.
Жумладан, “Рақамли суд” концепцияси доирасида суд ишларини қоғоз шаклида юритишни босқичма-босқич қисқартириш, ҳужжатлар ва аризаларни электрон шаклга ўтказиш назарда тутилмоқда. Натижада вақт ва маблағ тежалади, иш юритиш жараёни янада самарали ташкил этилади. Фуқаролар ва тадбиркорлар учун электрон хизматлар кўлами ҳам кенгаяди. Хусусан, суд ҳужжатларининг нусхасини онлайн олиш, иш материаллари билан масофадан танишиш, мурожаат қайси судга тегишли эканини аниқлаш имкониятлари яратилади.
Шунингдек, суд ҳужжатларининг ягона электрон архивини шакллантириш, судьялар ва ходимларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, “Кибер ҳуқуқ” йўналишида илмий тадқиқотлар олиб бориш, суд мажлиси залларини замонавий технологиялар билан жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Хорижий тажриба ҳам рақамли технологияларнинг суд тизими самарадорлигини оширишдаги аҳамиятини кўрсатмоқда. Бугун дунёнинг қатор мамлакатларида сунъий интеллект ва рақамли технологиялар суд тизими самарадорлигини ошириш мақсадида кенг қўлланилмоқда.
Жумладан, Сингапур суд тизимида “Smart Courts” — “Ақлли судлар” концепцияси доирасида илғор технологиялардан фойдаланиш йўлга қўйилган. Масалан, ICTS — Intelligent Court Transcription System тизими суд мажлисларидаги нутқни ҳақиқий вақт режимида матнга айлантириш имконини беради. Тизим юридик атамалар ва маҳаллий нутқ хусусиятларини ҳам таниш имкониятига эга. SIRS — Sentencing Information Research System эса судьяларга аввалги ўхшаш ишлар бўйича маълумотларни таҳлил қилиш ва жазо тайинлашда изчилликни таъминлашга кўмаклашади.
Ҳиндистонда ҳам улкан суд тизимида тўпланиб қолган ишларни камайтириш ва судьялар меҳнатини енгиллаштиришда сунъий интеллект имкониятларига катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, SUPACE — Supreme Court Portal for Assistance in Court's Efficiency тизими катта ҳажмдаги суд ҳужжатларини саралаш, фактларни тизимлаштириш ва тегишли ҳуқуқий нормаларни аниқлашда судьяларга кўмаклашади.
Хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, рақамли технологиялар судья ўрнини босиш учун эмас, балки уларнинг ишини енгиллаштириш, катта ҳажмдаги маълумотларни тезкор таҳлил қилиш, суд жараёнларини самарали ташкил этиш ва фуқаролар учун қулай хизматларни кўпайтиришга хизмат қилмоқда. “Рақамли суд” концепцияси ҳам ана шу мақсадларга қаратилган. Судга мурожаат қилиш, ҳужжат топшириш, иш жараёнини кузатиш ва суд ҳужжатларини олишнинг электрон шаклга ўтиши фуқаролар ва тадбиркорларнинг вақти ва маблағини тежайди.
Энг муҳими, рақамлаштириш суд тизимини халққа янада яқинлаштиради. Очиқлик, шаффофлик ва адолат тамойилларига асосланган замонавий суд тизими фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, суд ҳокимиятига бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
А.А. Муҳамедбаев,
Нурафшон туманлараро
маъмурий суди судьяси,
ЎзА