Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлаш жараёни такомиллашади
Янги фармон

Давлат хизматларини электрон тарзда кўрсатишда тезкорлик ва шаффофликни ошириш ҳамда бюрократик тўсиқларни қисқартиш кечиктириб бўлмайдиган масалалардан саналади.
Шу боис юртимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини ўз вақтида таъминлаш, ижро тартиб-таомилларини рақамлаштиришга алоҳида ёндашилмоқда. Бунда соҳага сунъий интеллект технологияларини татбиқ этишнинг ҳам аҳамияти юқори.
Давлатимиз раҳбари томонидан 30 март куни “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини рақамлаштириш ва самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон қабул қилинди. Бу эса айни йўналишда муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Унда аввало, суд ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлаш жараёнига сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш орқали ижро ишлари 30 фоизининг ижросини давлат ижрочисининг аралашувисиз таъминлаш кўзланган. Шу билан бирга, рақамлаштириш жараёнлари орқали ижро этиш соҳасида инсон омилини кескин камайтириш ҳам белгиланган.
Шунингдек, фуқароларнинг конституцион дахлсизлик ҳуқуқларини бузмаган ҳолда, айрим мажбурий ижро ҳаракатларини ундирувчилар томонидан амалга ошириш механизмини такомиллаштиришга урғу берилган. Шу асосда соҳага доимий равишда илғор халқаро тажриба, янгича ёндашувлар жорий қилинади.
2027 йил 1 январдан бошлаб эса сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва ахборот тизимларини такомиллаштириш орқали давлат ижрочилари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг камида 70 фоизи автоматлаштирилади.
Ижро жараёнларидаги иш юритиш тартиб-таомилларининг электрон шаклда юритилиши, ижро ҳаракатлари давомида ундирилган пул маблағларини тақсимлаш жараёнларининг рақамлаштирилиши ҳам назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Бош прокуратура ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг таклифларига мувофиқ шу йилнинг 1 июлдан бошлаб суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларига асосан давлат даромадига ўтказилиши назарда тутилган автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулклар давлат ижрочисининг қарори асосида тўғридан-тўғри Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига ўтказилади. Жорий йил 1 сентябрга қадар эса тўловга қобилиятсизлик жараёнидаги юридик шахсларнинг мажбуриятлари бўйича электрон маълумот алмашинувини таъминловчи платформа жорий этилади.
Муаммоли кредитларни ундириш борасида мол-мулкни ундирувчи томонидан расмийлаштирилган процессуал ҳужжатлар асосида давлат ижрочисининг қарори билан электрононлайн-аукцион савдолари орқали реализация қилиш имкони яратилади. Юридик шахсларнинг мол-мулкларини хатлаш, солиқ ва кредит қарздорликларини ундириш, гаров билан таъминланган ижро ҳужжатлари бўйича ҳам янгича ёндашувлар жорий этилиши белгиланган.
Айрим тоифадаги ижро ҳужжатлари бўйича қарздор у вафот этган деб эълон қилинганда ёки бедарак йўқолган, деб топилса, унга нисбатан юритилган ижро ишларини давлат ижрочисининг қарори билан тугатиш амалиёти қўлланилади.
Яна бир муҳим масала, 2026 йил 1 майдан бошлаб, алимент бўйича қарздорлик мавжуд бўлса-да, у тўлиқ бартараф этилмаса, қарздор шахсларнинг айрим турдаги молия-кредит ва давлат хизматларидан фойдаланишни чеклаш тартибини қўллаш бўйича бир қатор янгиликлар киритилмоқда.
– Янги фармон билан муаммоли кредитларни ундириш борасида ҳам мутлақо янги механизмлар жорий этилмоқда, – деди Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов. – Бугунга қадар давлат ижрочиларининг иш юкламаси кўплиги сабабли кредит ташкилотлари фойдасига муаммоли кредитларни ундириш билан боғлиқ жараёнлар муддати чўзилаётган эди. Масалан, маълумот сифатида айтадиган бўлсак, МИБ органларига 2020 йилда 2,8 миллионта ижро ҳужжати келиб тушган, бу кўрсаткич 2025 йилда 11,4 миллионтани ташкил қилган. Англаш мумкин, иш юкламаси охирги беш йилда тўрт бараварга ошди.
Эндиликда, давлатимиз раҳбарининг фармони билан муаммоли кредитлар бўйича ижро ҳужжатлари асосида вужудга келган мажбуриятларни ундириш билан боғлиқ ҳаракатлар ихтисослаштирилган давлат ижрочиларига юкланади. Ижро ҳужжатлари асосида кредит ташкилотлари фойдасига муаммоли кредитларни ундиришга ихтисослашган давлат ижрочилари корпуси ташкил этилмоқда.
Муаммоли кредитларни ундириш билан боғлиқ ҳаракатларни ихтисослаштирилган давлат ижрочиларига юклаш ва бу йўналишда 400 нафар ихтисослаштирилган давлат ижрочиси штат бирлигини ажратиш назарда тутилган.
Фармонда гаров билан таъминланган мажбуриятларини бажариш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича тижорат банклари ва давлат ижрочиси ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш белгиланган. Бу жараёнда маълумот алмашишни рақамлаштиришга қаратилган қатор чоралар белгилаб берилди.
Жорий этилган бу каби янги механизмлар банк тизимида муаммоли кредитлар улуши камайиши ва ижро соҳаси такомиллашишига хизмат қилади.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА