Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини 30 фоизи давлат ижрочисининг аралашувисиз таъминланади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини рақамлаштириш ва самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, қуйидагилар суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини трансформация қилишнинг асосий мақсадлари этиб белгиланди:
а) суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлаш жараёнига сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш орқали ижро ишлари 30 фоизининг ижросини давлат ижрочисининг аралашувисиз таъминлаш;
б) ижро иши юритувини рақамлаштиришни янада жадаллаштириш, соҳада инсон омилини бартараф этиш мумкин бўлган жараёнларни автоматлаштириш орқали тезкорлик даражасини кескин ошириш;
в) фуқароларнинг Конституция билан белгиланган дахлсизлик ҳуқуқларини бузмаган ҳолда айрим мажбурий ижро ҳаракатларини ундирувчилар томонидан амалга ошириш;
г) суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимига илғор халқаро тажриба асосида янгича ёндашувларни жорий қилиш.
Фармонга мувофиқ, 2027 йил 1 январдан бошлаб:
а) сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва ахборот тизимларини такомиллаштириш орқали давлат ижрочилари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг камида 70 фоизи автоматлаштирилади;
б) суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлашдаги иш юритув жараёнлари замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида электрон шаклда юритилади;
в) ижро ҳаракатлари давомида ундирилган пул маблағларини тақсимлаш жараёнлари рақамлаштирилади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларига асосан давлат даромадига ўтказилиши назарда тутилган автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулклар давлат ижрочисининг қарори асосида тўғридан-тўғри Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига ўтказилади.
2026 йил 1 сентябрга қадар тўловга қобилиятсизлик жараёнидаги юридик шахсларнинг мажбуриятлари бўйича электрон маълумот алмашинувини таъминловчи платформа жорий этилади.
ЎзА