Стол тенниси: “Pro-Tur-100” ғолиблари аниқланди
Тошкент ареналарида стол тенниси бўйича ўтган бу галги “Pro-Tur” мусобақалари янгича тизимда ташкил этилди. Баҳслар электрон платформа асосида йўлга қўйилиши натижаларнинг шаффоф ва адолатли ҳисоб-китобига хизмат қилди.
Инсон омили ва ақлли технологиялар уйғунлигида кечган шиддатли баҳсларда кичик ракетка усталари ҳар бир очко учун курашиб, маҳоратини намоён этишди.
Мусобақалар якунида эркаклар ўртасида Шоҳрух Искандаров олтин, Сарвар Ғуломов кумуш, Диёрбек Дилшодов ва Хуршид Аҳмедов бронза медалларига эга чиқди.
Турнирнинг аёллар ўртасидаги мусобақаларида олтин медаль учун кураш Асел Еркебаева ва Аделина Ҳасанова ўртасида кечди. Ҳар иккиси ўйин давомида хатосиз ҳаракат қилди. Омад эса Еркебаевага кулиб боқди.

Шу тарзда Асел олтин, Аделина кумуш медаль соҳиби бўлди. Бронза медаллари ўз навбатида Мафтуна Гулимова ҳамда Аружан Камаловага насиб этди.
Ғолиблар медаль, пул мукофотлари ҳамда федерациянинг махсус совғалари билан тақдирланди.
Т.Рўзиев, ЎзА