Стол тенниси: “Pro-Tur 100+”да ғолиб ва совриндорлар аниқланли
Пойтахтимизда стол тенниси бўйича ўтган “Pro-Tur 100+” мусобақаларида мамлакатимизнинг 120 нафардан зиёд кичик ракетка усталари ғолиблик йўлидаги муросасиз баҳсларда иштирок этди.
Мукофот жамғармаси 50 миллион сўмдан иборат турнирнинг эркаклар сеткасида 97 нафар маҳоратли стол теннисчилар 32 та гуруҳда ҳаракатланган бўлса, аёллар гуруҳида 24 нафар иштирокчи 8 та гуруҳдаги саралаш мусобақаларида ўз омадини синовдан ўтказди.
Икки кунлик баҳслар сарҳисобига кўра, хотин-қизлар мусобақасида кутилганидек Асел Эркебаева ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Аделина Ҳасанова, Шоира Қодирова ва Аружан Камалова совринли ўринларга эгалик қилди.

Эркаклар ўртасидаги муросасиз ўйинлар сўнггида Диёрбек Дилшодов бош соврин соҳибига айланган вазиятда Шоҳрух Искандаров, Мусобек Толиев ҳамда Хуршидбек Аҳмедов кейинги поғоналарни банд этди.
Т. Рўзиев, ЎзА