Стол теннисчиларимиз жаҳон рейтингининг етакчилари билан куч синашади
Бугун, 22 октабр куни пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да стол тенниси бўйича давом этаётган Осиё чемпионатининг навбатдаги кунида Ўзбекитон терма жамоаси аъзолари Диёрбек Дилшодов/Аделина Ҳасанова аралаш жуфтлик баҳслари 1/8 финалида Япония терма жамоаси аъзолари Сора Матсушима/Мива Ҳаримотога қарши баҳс олиб боради.
Айтиш лозимки, япониялик маҳоратли спортчи Сора Матсушима жаҳон рейтингида 1-ўринни банд этган бўлса, Мива Ҳаримото дунё рейтингининг 3-поғонасини эгаллаб турибди.
Шунингдек, бугун кун давомидаги мусобақаларда эркаклар ва аёллар ўртасидаги жуфтлик мусобақалари ҳам бўлиб ўтади.

Эркаклар ўртасидаги 1/16 жуфтлик баҳсларида ҳамюртларимиздан Хуршид Аҳмедов/Мусобек Толиев эронлик Нима Аламиан/Ношад Аламиян билан, аёллар жуфлик мусобақаларида Асел Эркебаева/Аделина Ҳасанова Хитой Тайпейи вакиллари Сзу-Ю Чен/Йинг Сюан Ву билан тўқнаш келади.

Кеча ўтказилган яккалик мусобақаларда мамлакатимиз стол теннисчиларининг 5 нафари ғалаба қозонган бўлса 8 нафари имкониятни боей берди.

Хусусан, эркаклар муксобақасида Хуршид Аҳмедов ва Мусобек Толиев, аёллар баҳсида Аделина Ҳасанова, Аружан Камалова ва Мафтуна Элмуродова рақибларини доғда қолдирди.
33 та давлатнинг маҳоратли стол тенниси усталари қатнашаётган Осиё чемпионати мусобақалари 25 октябрга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА