Спортчиларнинг меҳнат ва ғалабаси эътироф этилди
2025 йилда турли спорт турлари бўйича юксак натижаларга эришиб, туман, вилоят, республика ҳамда халқаро мусобақаларда Сирдарё тумани шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва фидойи мураббийлари туман ҳокимлиги томонидан тантанали равишда тақдирланди.
Тадбирда Сирдарё тумани ҳокими Азизбек Турдимуродов иштирок этди. У нутқида ёш спортчиларнинг эришган ютуқлари, шахсий матонат ва меҳнати уларни тарбиялаб келаётган мураббийлар ва ота-оналарнинг қўшган ҳиссаси билан боғлиқ эканини алоҳида таъкидлади.

– Ҳар бир ғалаба – бу фидойи меҳнат, интилиш ва бирдамлик намунаси. Спортдаги ютуқлар ёшларимизга мақсадга интилиш ҳамда фидойилик орқали қандай натижаларга эришиш мумкинлигини ўргатади.

Тадбир давомида юқори натижаларга эришган спортчиларга эсдалик совғалари ва ташаккурномалар топширилди. Шунингдек, уларнинг тарбиясида муҳим роль ўйнаган мураббийлар ҳамда фарзандларининг муваффақиятида доимий таянч бўлиб келаётган ота-оналар ҳам эътироф этилди.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган спортни ривожлантириш ва ёшларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб этиш бўйича ислоҳотлар Сирдарё туманида ҳам изчил амалга оширилмоқда. Улар туфайли ёш спортчиларимиз халқаро ареналарда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юксак натижаларга эришмоқда.

Тадбир якунида ҳоким спортчилар ва мураббийларга келгусида янада юқори марраларни забт этишлари учун омад ва муваффақиятлар тилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири