Спортчи ёшлар тақдирланди
Мамлакатимизда ўтказилаётган “Пайшанба – ёшлар куни” муносабати билан Андижон шаҳридаги “Универсал” спорт мажмуасида “Ҳоким ва ёшлар учрашуви” бўлиб ўтди.
Унда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов турли соҳаларда салмоқли ютуқларга эришган вилоятнинг фаол, ташаббускор ва илғор ёшлари билан учрашиб, мулоқот ўтказди.
Мулоқотда юртимизда ёшларга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, уларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, таклиф ва ташаббуслари доимий равишда қўллаб-қувватланаётганлиги таъкидланди.
Жумладан, вилоят ҳокими учрашувда қатнашган ёшларнинг таклиф, муаммо ва ташаббусларини эшитди. Муаммоларни ҳал этиш, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди, ижросини назоратга олди.
Шунингдек, учрашувда 2025 йил давомида спортнинг турли йўналишларида Осиё ва жаҳон чемпионатлари, кубок баҳсларида ҳамда нуфузли халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришган андижонлик ёш спортчилар ва уларнинг ота-оналари тақдирланди.
[gallery-28538]
Таъкидлаш керак, ўтган йили вилоят спортчилари халқаро спорт майдонларида салмоқли натижаларга эришди. Жумладан, улар комплекс мусобақалар, Осиё ва жаҳон чемпионатлари, кубоги баҳсларида 30 та олтин, 22 та кумуш, 18 та бронза, жами 70 та медални қўлга киритиб, юртимиз байроғини юксакларга кўтарди.
Мулоқотда спортчиларнинг ютуқлари эътироф этилди, ана шу ютуқлар вилоят ёшларига намуна эканлиги алоҳида қайд этилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари.