Спорт туризмини ривожлантириш янги имкноиятлар эшигини очади
Мамлакатимизнинг халқаро туризм майдонидаги имкониятларини кенгайтириш, спорт мусобақаларини сайёҳлик йўналишлари билан уйғунлаштириш мақсадида Туризм қўмитаси ҳузуридаги “Туристик маҳсулотларни ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси” давлат муассасаси ва Ўзбекистон крикет федерацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Келишувга мувофиқ, мамлакатимизда ҳар йили “Uzbekistan International Cricket & Tourism Cup” халқаро крикет мусобақаси ва “Silk Road Cricket Festival” туристик фестивалини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Мазкур тадбирлар хорижий спортчилар, крикет мухлислари ва сайёҳларни Ўзбекистонга жалб этиш йўлидаги муҳим платформага айланиши кутилмоқда.
Айтиш лозимки, Олимпия ўйинлари тизимидаги крикет спорт тури бўйича ўтказиладиган мусобақаларга Буюк Британия, Австралия, Янги Зеландия, Жанубий Африка, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Шри-Ланка каби давлатларда катта қизиқиш билан қаралади.
Шу жиҳатдан юртимизда ҳар йили ўтказиладиган мазкур тадбирларга ушбу мамлакатларнинг крикет жамоаларини, қизиқувчи аҳолини, сайёҳларни жалб этиш орқали янги туристик бозорларда Ўзбекистоннинг янгича қиёфасини намойиш этиш назарда тутилмоқда.

– Ташаббуснинг муҳим йўналишларидан бири спорт ва маданий туризмни ўзаро боғлаш кўзда тутилган. Хусусан, крикет мусобақалари доирасида хорижий меҳмонларга Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарларнинг бой маданий мероси ҳамда миллий анъаналарини таништиришга қаратилган туристик дастурлар ишлаб чиқилади. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида туроператорлар, меҳмонхоналар, авиакомпаниялар, темир йўл хизматлари, ҳунармандлар ва кўнгилочар масканлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу халқаро мусобақаларнинг иштирокчилари ва меҳмонларига транспорт, жойлаштириш, экскурсия ҳамда бошқа туристик хизматларни бирлаштирган таклифларни тақдим этиш имконини беради, - дейди Ўзбекистон крикет федерацияси раиси Азиз Михлиев.
Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистонда спорт туризми инфратузилмасини ривожлантириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, ҳудудларнинг туристик салоҳиятини кенг намоён этиш ва соҳада қўшимча иқтисодий имкониятларни шакллантириш имкониятини тақдим этиши билан аҳамиятлидир.
Т. Рўзиев, ЎзА