Тошкент давлат шарқшунослик университетида Туризм қўмитаси ҳамда Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда фаол спорт туризми: ҳолати, муаммолари, истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирни Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Сардор Ниёзов, Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти директори Елена Голишева ва университетнинг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дурбек Сайфуллаев очиб берди.
Соҳа вакилларининг таъкидлашича, бугунги кунда аҳолининг бор-йўғи 19 фоизи жисмоний тарбия ва спорт билан қамраб олинган. Аксинча, носоғлом турмуш тарзи, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва нонни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш ҳолатлари кўп учрайди.
Давра суҳбатида тизимдаги муаммоларни ҳал этиш, устувор вазифаларни белгилаш ва мамлакатимизда фаол спорт туризмини ривожлантиришда мавжуд имкониятлар, долзарб масалалар ва келгусидаги истиқболлар ҳақида фикр алмашилди.
Тадбир давомида соҳани такомиллаштиришга доир бир қатор масалалар ҳақида сўз юритилди. Спорт туризмини ривожлантиришда хорижий тажрибаларни чуқур ўрганиш, туризм соҳасининг ушбу тармоқларини ривожлантиришда хорижий ҳамкорлар ва инвесторларни жалб этиш лозимлиги қайд этилди.
Мазкур давра суҳбати туризмнинг янги йўналишларини ривожлантириш ва бу борадаги ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА