Спорт: Рақамлаштириш шаффофликни таъминлайдими?
Ўзбекистон спортида янги давр: Президент қарори асосида соҳани рақамлаштириш ва бошқарув тизимини такомиллаштириш чоралари матбуот анжуманида тақдим этилди. Бу қадам ютуқларни янги босқичга олиб чиқади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги ОАВ учун контент тайёрлаш марказида давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Спорт соҳасини рақамлаштириш ва самарали бошқарув тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда иштирок этган спорт вазири ўринбосари Мурод Исмоилов, вазирлик масъуллари ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вакиллари мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини рақамлаштириш, бошқарув самарадорлигини ошириш, иқтидорли ёшларни саралаш, спортчилар ва тренерлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган янги вазифалар юзасидан маълумот берди.

Таъкидланганидек, жорий йил 16 ноябрь куни қабул қилинган мазкур қарор тобора янгиланиб бораётган Ўзбекистон спортида замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш ҳамда ягона рақамли тизимни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Анжуманда “Рақамли ҳукумат” тизими билан интеграция қилинган “ERP sport” ягона электрон бошқарув тизимининг имкониятлари ва унинг ишлаш тизимларига эътибор қаратилди.
Айтиб ўтилганидек, барча давлат спорт муассасалари ва спорт федерациялари, спортчилар, тренерлар спорт тадбирлари ҳақидаги тўлиқ маълумотларни мазкур тизимга киритиб бориши белгиланган бўлиб, бу янги Ўзбекистон спортининг ривожланиши тамойилига мутлақо янгича руҳият бағишлайди.
Бундан ташқари, спорт иншоотларига смарт-камералар ўрнатиш орқали марказлашган видеокузатув тизими йўлга қўйилиши, йиғилган маълумотлар сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиниши назарда тутилмоқда. Айни вазифаларнинг бажарилиши спортчиларнинг давомати, машғулотлар сифати ва иқтидорли ёшларни саралаш, аниқлаш жараёнлари самарадорлигини оширишга ижобий таъсир кўрсатади.
Масъуллар журналистларнинг саволларига жавоб бериш асносида 2027 йил 1 февралдан спорт-таълим муассасаларида пулли хизматлардан тушадиган маблағлар устидан электрон назорат ўрнатиш мақсадида “ERP sport” тизими Марказий банкнинг «МУНИС» тизимига интеграция қилиниши белгиланганини айтиб ўтди.
[gallery-32627]
Шунингдек, “MySport” мобил иловаси орқали давлат ва нодавлат спорт ташкилотларига қарашли спорт иншоотларини соатбай, кунлик, ойлик ҳамда йиллик тарифлар асосида банд қилиш ва тўловларни электрон шаклда амалга ошириш имконияти яратилиши қайд этилди.
Анжуманда ёшларни спортга кенг жалб этиш ва иқтидорли спортчилар захирасини шакллантириш масалалари муҳокама қилиниб, умумтаълим мактаблари қошида спорт клублари ва тўгараклари тармоғи кенгайтирилиб, яккакураш ва жамоавий олимпия спорт турлари бўйича камида биттадан спорт тўгараги ташкил этилишига эришиш мақсад қилингани таъкидланди.
Маълумки, юртимизда спорт соҳасида бошқарув самарадорлигини ошириш ва миллий терма жамоалар фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида республика олий спорт маҳорати мактаблари негизида Олимпия терма жамоалари маркази ташкил этилиши назарда тутилган.
Марказда гимнастика, енгил атлетика, спорт ўйинлари, сув спорт турлари, қишки ва мураккаб техник спорт турлари ҳамда яккакураш спорт турлари бўйича фаолият олиб бориши, ёзги ва қишки Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича миллий терма жамоалар учун спортчилар тайёрлаш жараёнини мувофиқлаштириш ва тизимлаштириш унинг асосий вазифаси этиб белгиланган.
Хўш, шундай шароитда ёзги Осиё ўйинлари ва бир қатор комплекс мусобақаларда, жаҳон ва қитъа чемпионатларида юксак натижаларга эришиб келаётган ноолимпия спорт турларининг тақдири, уларда шуғулланаётган, терма жамоалар аъзоси сифатида катта ғалабаларга эришиб келаётган спортчилар, мураббийларнинг кейинги тақдири нима бўлади?
Журналистлар томонидан берилган ушбу саволга мутахассислар мамлакатимизда ноолимпия спорт турларини ривожлантириш борасида изчил ишлар олиб борилаётгани, олимпия спорт турлари сингари 100 га яқин ноолимпия спорт турларини бирлаштирадиган, уларнинг самарали иш юритишини таъминлашга қаратилган ягона конфедерация ташкил этиш борасида ишлар олиб борилаётганини билдирди.
Савол-жавобларга бой тарзда кечган матбуот анжуманида ҳудудларда спорт бошқаруви тизимини такомиллаштириш борасидаги ишлар, “ERP sport” ягона электрон бошқарув тизимининг халқаро спорт ташкилотларига интеграцияси каби бир қатор масалалар хусусида фикр юритилди.
Тўлқин Рўзиев,
Алимурод Мамадаминов (сурат),
ЎзА