Ўзбек кураши Ар-Риёдда “Riyadh Season” фестивалида намойиш этилмоқда
Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида Бутунжаҳон этноспорт иттифоқи тизимида ўтказилаётган “Riyadh Season” фестивалида Ўзбек кураши бўйича кўргазмали чиқишлар амалга оширилмоқда.
38 та миллий ўйин ҳамда анъанавий спорт турларини қамраб олган мазкур фестивалда дунёнинг 18 давлати вакиллари қаторида ўзбекистонлик кураш мутахассислари ва спортчилар ҳам иштирок этиб, халқимизнинг бой маданий меросини намойиш этмоқда.
Хусусан, Халқаро кураш институти вакиллари фестивалда қатнашаётган халқаро кузатувчилар, томошабинлар учун махсус кўргазмали чиқишлар ташкил этмоқда.

Фестивалда азалий қадриятимиз бўлган курашнинг бетакрор техникаси, кўп асрлик анъаналари, юксак маънавий-маданий мероси, тарихи, Ўзбекистон байроғидан жило олган яшил ва кўк яктакдаги спортчиларнинг кенг майдондаги чиқишлари орқали унинг ўзига хос усуллари намойиш этилмоқда.
Бу, миллий спортимиз курашнинг халқаро майдондаги фаол иштирокини таъминлаш билан бирга, уни жаҳон миқёсида оммалаштириш, халқаро спорт алоқаларини мустаҳкамлаш натижасида юртимизнинг бой спорт меросини тарғиб этишга хизмат қилаётганлиги билан аҳамиятлидир.
“Riyadh Season” фестивали 28 ноябрга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА