Спорт курашлари: Остонада жаҳон чемпионлари аниқланади
Бутунжаҳон кураш чемпионати старт олмоқда. 100 давлатдан минглаб спортчилар 2028 йилги Олимпиада йўлидаги қимматли рейтинг очколари ва 30 та медаллар жамланмаси учун курашади. Эртага юнон-рум кураши беллашувлари бошланади.
Жаҳон чемпионати дастурига мувофиқ, 24-26 октябрь кунлари юнон-рум, 27-29 октябрь куни аёллар кураши ҳамда 29 октябрь - 1 ноябрь кунлари эркин кураш бўйича мусобақалар бўлиб ўтади.
Эртага, 24 октябрь куни юнон-рум кураши вакиллари -55, -60, -77 ва -82 килограмм вазн тоифаларининг совринли ўринлари учун баҳс олиб боради.
Мазкур вазн тоифасидаги мусобақаларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Ихтиёр Ботиров, Алишер Ғаниев, Дониёрхон Накибов ва Жалгасбай Бердимуратов қатнашишга ҳозирлик кўрмоқда.

Бугун, 23 октябрь куни жаҳон чемпионати олдидан юнон-рум кураши беллашувларини бошқариб борадиган ҳакамлар ҳамда терма жамоа мураббийлари учун мандат комиссиясининг йиғилиши, спортчилар учун вазн ўлчаш маросимлари ташкил этилди.
Айтиш лозим, 29 октябрдан чемпионат доирасида бошланадиган эркин кураш баҳсларида мамлакатимизнинг 9 нафар спортчиси қатнашса, терма жамоамиз аъзоларидан Олимпия ўйинлари ғолиби Разамбек Жамалов ўрнига Жавоҳир Чўлибоев -74 кг. вазндаги курашларда ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Эслатиб ўтамиз, спортчиларга “Лос-Анжелес-2028” Олимпиадаси йўлидаги муҳим рейтинг очколарини тақдим этадиган жаҳон чемпионатида 30 та медаллар жамланмаси ўйналади.
Т.Рўзиев,
ЎзА