Энг сара полвонлар мамлакат чемпионатида беллашди
Пойтахтимиздаги "Олимпия шаҳарчаси"да спорт курашлари бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати ўз ниҳоясига етди. Мусобақанинг сўнгги икки кунида эркин кураш бўйича беллашувлар ўтказилиб, барча вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Чемпионатнинг 86 килограммгача вазн тоифасида ўтган беллашувларда Оламгир Собиров барча рақибларидан устун келиб, Ўзбекистон чемпиони бўлди. Қувонарлиси, 2008 йилда таваллуд топган полвон 18 ёшида катталар ўртасидаги мамлакат чемпионатида ғолиб чиққан энг ёш спортчилардан бирига айланди. Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази тарбияланувчиси бўлган Оламгир повлон мазкур вазндаги ҳал қилувчи финал беллашувида Далер Чўлибоевдан устун келди. Дарвоқе, уларга ярим финалда мағлуб бўлган Бобур Рўзимбоев ва Бобур Исломов бронза медалларини қўлга киритди.
— Катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида ғолиб бўлганимдан жуда хурсандман. Бу натижани қўлга киритишимда мураббийларимнинг меҳнати ва яқинларимнинг қўллаб-қувватлаши катта бўлди. Чемпионликни отамнинг туғилган кунига бағишладим. Бу мен учун ҳам, оилам учун ҳам қувончли кун бўлди. Олдинда янада катта мақсадларим бор. Халқаро мусобақаларда ҳам юртимиз байроғини баланд кўтаришга ҳаракат қиламан, — дейди Оламгир Собиров.

Вазни 57 килограммгача бўлган Улуғбек Рашидов ҳам кутилганидек миллий чемпионатимиз ғолибига айланди. Маҳоратли полвонимиз финалда Нодир Жуманазаровни таслим этди. Ушбу вазнда Қарши Усмонов ва Ҳусанбой Усмонов бронза медалларига сазовор бўлди.
-61 килограмм вазнда Асадбек Саидтўраев шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Алпамис Кдирниязов иккинчи, Абдумалик Жалолиддинов ва Фахриддин Насриддинов учинчи ўринни эгаллади. -65 килограмм вазн тоифасида Санжар Рустамбеков олтин, Машраб Узоқов кумуш, Арслон Раҳимов ва Абдуллоҳ Жалолиддинов бронза медаллари билан тақдирланди.
Шунингдек, ўз вазн тоифаларида Шаҳзод Ярашев (-70 кг), Жавоҳир Чўлибоев (-74 кг), Муҳаммадқодир Мадазимов (-79 кг), Садриддин Даминжонов (-92 кг) ва Отабек Назирбоев (-97 кг) шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Энг оғир — 125 килограмм вазндаги беллашувларда Номоз Абдурашидов чемпионга айланган бўлса, Айназар Базарбаев иккинчи ўринни эгаллади. Сардор Холматов ва Азиз Жўрабоев эса бронза медаллари билан тақдирланди.
Энди мамлакат чемпионатида энг яхши натижаларни қайд этиб, шоҳсупага кўтарилган полвонлар Ўзбекистон терма жамоаси сафида келгусида бўлиб ўтадиган нуфузли мусобақаларга тайёргарлик кўради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА