Сўз заргарининг ижод мактаби
Жаҳон адабиётини ўзбек тилида ўқишимиз мумкин. Аммо бир асарни ўзга тилда қайта яратиш, унинг руҳини, муаллиф нафасини ва сўзлар орасида яширинган маъноларни бошқа тилда ҳам сақлаб қолиш – ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган маҳорат. Устоз ижодкор, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров ана шу нозик санъатни бутун умри давомида фидокорона ва сермашаққат меҳнатлари билан намоён этган инсон эди. Унинг учун таржима шунчаки сўзлар алмашуви эмас, балки адабиётлар, маданиятлар ва тафаккурлар мулоқоти эди.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ана шу беназир меросга эҳтиром ифодаси, айни пайтда, келажак авлод олдидаги масъулиятнинг рамзи бўлган яна бир маскан – Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос, таржимон ва ижодкор Иброҳим Ғафуров номидаги «Таржима ва ижод мактаби» ўз фаолиятини бошлади.

Тантанали маросимда университет ректори, профессор Илҳомжон Тўхтасинов устоз Иброҳим Ғафуровнинг миллий адабиётимиз, адабиётшунослик ва таржима санъати ривожига қўшган улкан ҳиссасига тўхталиб, ижодкор меросини ўрганиш ва уни ёш авлодга етказишнинг аҳамиятини таъкидлади.

Дарҳақиқат, баъзи номлар китоб муқовасида қолади. Баъзилари эса бутун бир авлоднинг адабиётга муносабатини шакллантиради. Иброҳим Ғафуров номи ана шундай улкан маънавий мерос билан боғлиқ.

Маросимнинг эътиборга молик лаҳзаларидан бири ижодкор сиймоси акс этган мўъжаз ҳайкалининг тантанали очилиши бўлди. Ҳайкал пойига гуллар қўйилди. Бу лаҳзадаги эҳтиромнинг маъноси фақат бир ижодкор хотирасини ёд этиш билан чекланмайди. Бу ўз умрини сўзга, адабиётга, китобга ва миллат тафаккурига бағишлаган инсон олдидаги қарздорликни ҳис этиш ҳам.

Тадбирда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султонов устоз Иброҳим Ғафуровнинг ўзбек адабиёти ва таржима санъатидаги ўзига хос ўрни, бой ижодий мероси ҳамда миллий адабиётимиз тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида гапирди.

Янги мактабнинг ташкил этилиши эса ижодкор хотирасини эъзозлашдан ҳам кенгроқ маъно касб этади. Зеро, устоз меросини асрашнинг энг самарали йўли уни ўрганиш, англаш ва давом эттиришдир.

Тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев, университет профессори Гуландом Боқиева ҳамда университет катта ўқитувчиси Зулайҳо Алимова миллий сўз санъати дарғасининг серқирра фаолияти, жаҳон адабиёти намуналарини ўзбек тилига ўгиришдаги маҳорати, бадиий таржима ва адабиётшуносликка қўшган ҳиссаси, ёшлар учун ибрат бўладиган ҳаёт йўли ҳақида сўз юритди.

Дарҳақиқат, Иброҳим Ғафуров ижодини англаш бу фақат адабиётга назар ташлаш эмас. Бу ўз тилингнинг имкониятларини қайта кашф этиш, сўзнинг масъулиятини ҳис қилиш ва китобхонни янги маънолар оламига бошлаш демак. Айниқса, бугун хорижий тилларни ўрганаётган, келажакда таржимон ва ижодкор бўлишни мақсад қилган ёшлар учун бундай мактабнинг аҳамияти алоҳида.
Тадбирда университет талабаларининг иштироки ҳам бежиз эмас эди. Улар турли тилларда Иброҳим Ғафуровнинг ҳаёти, ижоди ва таржимонлик фаолияти ҳақида маълумотлар тақдим этди. Бу чиқишларда бир ҳақиқат яна бир бор намоён бўлди: жаҳон адабиётини ўзбек китобхонига яқинлаштириш билан бирга, ўзбек адабиётининг маънавий имкониятларини ҳам дунёга танитиш муҳим.

Зеро, таржимон фақат тилларни биладиган мутахассис эмас. У бир халқнинг фикри ва ҳиссиётини бошқа халққа етказадиган, турли маданиятлар ўртасида кўприк қурадиган ижодкордир.
Маросимнинг яна бир муҳим воқеаси – «Таржима ва ижод мактаби» ўқув хонасининг тантанали очилиши бўлди. Университет ректори Илҳомжон Тўхтасинов иштирокчиларни мактабнинг мақсад ва вазифалари, фаолият йўналишлари ҳамда яратилган шароитлар билан таништирди.

Энди бу масканда Иброҳим Ғафуровнинг ижодий меросини чуқур ўрганиш, талабаларнинг таржимонлик маҳоратини ошириш, ижодий салоҳиятини ривожлантириш ва миллий таржима анъаналарини давом эттиришга қаратилган ишлар олиб борилиши кўзда тутилган.
Аслида, таржима маҳорати тайёр қоидалар билангина шаклланмайди. Унда тилни билиш билан бирга, китобга муҳаббат, мутолаа маданияти, изланиш ва ҳар бир сўзнинг маъносини теран англаш ҳам муҳим. Иброҳим Ғафуровнинг ижодий йўли ёш таржимонлар учун ана шу жиҳатлари билан катта тажриба мактабидир.

Н.Усмонова,
ЎзА