XII Халқаро «Baku Book Fair» китоб кўргазма-ярмаркасида юртимиз вакиллари ҳам қатнашмоқда
Боку шаҳрида XII Халқаро «Baku Book Fair» китоб кўргазма-ярмаркаси ўз ишини бошлади. Унда Ўзбекистон делегацияси ҳам фаол иштирок этиб, мамлакатимизнинг бой адабий мероси, миллий нашриёт маҳсулотлари ва китобхонлик маданиятини халқаро миқёсда намойиш этмоқда.
Жорий йилги тадбир «Олам экрандан кўра каттароқ: бир бола, бир китоб, бир ҳақиқий дунё» шиори остида ўтказилмоқда. Кўргазма доирасида болалар ва ёшларни рақамли оламдаги хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш ҳамда китобнинг инсон ҳаётидаги аҳамиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Халқаро кўргазма-ярмаркада 32 та мамлакатдан 59 та хорижий ва 148 та маҳаллий нашриёт, китоб савдоси ташкилоти, кутубхона ҳамда маданият марказлари вакиллари иштирок этмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси ташкилотлари ассоциацияси, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ислом цивилизацияси маркази ҳамда 10 дан ортиқ нашриёт вакилларидан иборат делегация мамлакатимизнинг китоб ва нашриёт соҳасидаги салоҳиятини намойиш этмоқда.
Делегация таркибидан «Ўзбекистон», «Best Book», «Янги аср авлоди», «Шарқон Books», «Митти Олам», «Green Maktab», «Адабиёт», «Дунё Нашр», «Сармоя Books», «Китоб Сайёраси», «Ёшлар матбуоти» ва «Ўздавкитобсавдо» ташкилотлари вакиллари ўрин олган.

Кўргазма доирасида ташкил этилган «Ўзбекистон» миллий экспозицияси ташриф буюрувчиларга мамлакатимиз адабиёти ва маданий меросини яқиндан кашф этиш имконини бермоқда. Экспозицияда маҳаллий нашриётлар томонидан сўнгги йилларда чоп этилган ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётининг 200 дан ортиқ намунаси намойиш этилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондида сақланаётган нодир нашрлар, юртимизнинг бой адабий мероси ва миллий маданияти ҳақида атрофлича маълумот берилмоқда.
Халқаро тадбир ташкилотчиси, Озарбайжон Республикаси маданият вазири Адил Каримли Ўзбекистон миллий экспозициясига ташриф буюриб, намойиш этилаётган адабиётлар билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси мутахассиси Авазхон Валихонов китоб нашр этиш соҳасидаги ютуқлар, шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон миллий кутубхоналари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон делегациясининг мазкур нуфузли халқаро тадбирдаги иштироки миллий адабий меросимизни жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш, маҳаллий нашриётлар маҳсулотларини халқаро аудиторияга танитиш ҳамда кутубхоначилик соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
XII Халқаро «Baku Book Fair» китоб кўргазма-ярмаркаси 25 октябрга қадар давом этади.
Н.Усмонова, ЎзА