“Оқ от” спектакли: дўстлик ришталари тараннум этилган асар
Андижонда IV ТУРКСОЙ халқаро театр фестивали давом этмоқда.
Фестиваль доирасида туркий халқлар театр жамоалари томонидан кўплаб спектакллар намойиш этилмоқда. Фестивалда Буюк Сапармурат Туркманбоши номидаги Туркманистон бош академик драма театри жамоасининг “Оқ от” спектакли ихлосмандлар, мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.
Халқ артисти Бобо Аннонов асари асосида режиссёр Мекан Жумабоев томонидан саҳналаштирилган “Оқ от” спектаклида ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги дўстлик, қардошлик, меҳр-оқибат, самимийлик, ҳар қандай вазиятда бир-бирини қўллашдек тили, дини, тарихи бир туркий халқларга хос қадриятлар, дўстлик ришталари тараннум этилган.
Асарда 1948 йилда Туркманистон пойтахти Ашхободда юз берган зилзила оқибатида айрилик гирдобига маҳкум бўлган она ва бола қисмати билан боғлиқ жараёнлар акс эттирилади.
[gallery-32107]
Зилзила туфайли онасини йўқотиб қўйган ёш туркман боласи Тошкентдаги болалар уйига топширилгани, кейинчалик у Назира исмли ўзбек аёли томонидан боқиб олингани, орадан йиллар ўтиб, боланинг онаси фарзандини қидириб топиши жараёнлари акс этган.
Спектаклдаги бош роллар Туркманистон халқ артисти Мегўзал Аннаева, истеъдодли актёрлар Гулмалек Акмуродова, Бегенч Гарлиев томонидан маҳорат билан ижро этилган.
Мазмунли, қизиқарли, юксак инсоний фазилатлар, икки қардош халқнинг синовларда тобланган, азалий дўстлиги тараннум этилган ушбу саҳна асари нафақат томошабинлар, балки мутахассисларда ҳам унутилмас таассуротлар қолдирди.
Туркманистон театр санъати вакиллари томонидан тақдим этилган мазкур саҳна асарида ижрочиларнинг қаҳрамонлар характерини очиб бериш маҳорати, бадиий ечимларнинг ўзаро уйғунлиги фестивалнинг халқаро маданий мулоқотни кенгайтириш, миллий театр санъатини тарғиб этишга қаратилган мақсадини тўлақонли намоён этди. Қолаверса, спектакль намойиши орқали томошабинлар қардош халқнинг театр ижоди, саҳнавий ифода анъаналари ва актёрлик маҳорати билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
TУРКСОЙ халқаро театр фестивали нафақат туркий халқларнинг маданий бойлиги, ўзига хос қадриятларини кенг тарғиб этиш, балки турли мамлакатлар ижодкорлари ўртасида тажриба алмашиш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва театр санъатининг халқаро майдондаги нуфузини оширишга хизмат қилади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари