“Кўнгил бекати” тўплами адабиёт мухлисларига тақдим этилди
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли ижодкор ва шоира Назокат Отақулованинг “Кўнгил бекати” номли шеърий тўпламининг тақдимоти ўтказилди.
Мазкур китоб “Қанот” ижодий лойиҳаси доирасида “Янги китоб” нашриёти томонидан чоп этилган бўлиб, замонавий ўзбек шеъриятидаги ўзига хос овозлардан бири сифатида муаллиф ижодини кенг китобхонлар оммаси эътиборига ҳавола этади.
Тақдимот тадбирида ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, маданият намояндалари иштирок этиб, муаллиф ижоди, унинг янги китоби хусусида батафсил сўз юритди.
200 га яқин шеърни ўз ичига олган “Кўнгил бекати” китоби инсон руҳиятининг нозик ва мураккаб ҳолатларини, қалб кечинмалари, ҳаётий кузатишлар, фалсафий қарашларни ўзида акс эттиргани билан аҳамиятли.
[gallery-29090]
Шоира ҳар бир шеърида инсоннинг ички дунёсига чуқурроқ кириб бориб, унинг қувонч ва изтироблари, орзу ва интилишлари, армонларини теран образлар орқали тугал тарзда очиб беришга ҳаракат қилади.
Китобдаги ижод намуналарида Ватанга муҳаббат, садоқат, миллий анъана ва қадриятларимизга эҳтиром алоҳида ўрин тутади. Муаллиф Ватанни инсон борлиғининг ажралмас қисми сифатида талқин қилиб, унинг тақдири ва равнақини шахс камолоти билан боғлайди. Шу билан бирга табиат манзаралари, фасллар алмашинуви орқали ҳаётнинг абадий ҳаракати ва янгиланиш ғоясини акс эттиради.
Тўпламдаги “Куз”, “Бойчечак”, “Баҳор”, “Ёмғир”, “Тоғлар”, “Ифорли ялпиз”, “Узоқлашиб кетмоқдаман”, “Соғинч”, “Бахт нимада?”, “Эй, ишқ”, “Наврўз”, “Кўпкари” каби шеърлар мазмун ва шакл уйғунлиги, образлар тизимининг бойлиги билан ажралиб туради. Уларда муҳаббатнинг оташин кучи, соғинчнинг изтиробли лаҳзалари, инсон ва табиат ўртасидаги руҳий уйғунлик чуқур ҳис эттирилади.
Шоира ҳар бир қарашида муайян бир ҳодисага рамзий маъно юклайди. Унинг шеърларида сукунат – ботиний шиддатни, ишқсизлик – руҳий азхобни, ёшлик – камолотга етаклови имкониятларни, унутмоқ – маънавий йўқотишни англатади. Ижод эса муаллиф учун ҳаётнинг бош мазмуни, шеърият инсон руҳиятини қувватлантирувчи қудратли манба сифатида талқин этилади.
Шоира ўз ёзганларида инсоний фазилатларни улуғлаб, дўстлик, садоқат, меҳр-оқибат, ота-онага ҳурмат, оилавий қадриятлар ва жамиятдаги маънавий муносабатларни юксак бадиий даражада ёритади. У айниқса, маърифатга интилган ёш авлод, юрт равнақига ҳисса қўшаётган мард ўғлонлар ва фидойи инсонлар образини катта маҳорат билан тасвирлайди.
Тадбирда муаллиф шеърларидан намуналар ўқилди. Ижодкор билан жонли мулоқот ўтказилди. “Кўнгил бекати” тўплами шеъриятга ошно ҳар бир китобхон учун ўзига хос маънавий озуқа бўлиб хизмат қилади.
Н.Усмонова, О.Пардаев (сурат), ЎзА