Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, Ўзбекистонда 2018–2021 йиллар мобайнида йўл хўжалиги соҳасида ижобий ўзгаришларга эришилди.
Жумладан, сўнгги уч йилда республика ҳудудида 19,8 триллион сўм маблағ ҳисобига 45,3 минг километрдан ортиқ умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва хўжаликлараро ички йўлларда қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш ишлари олиб борилган.
Шунингдек, ушбу давр мобайнида 339,7 миллион доллар маблағ ўзлаштирилиб, 497 километр узунликдаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари цементбетон қоплама билан реконструкция қилинган.
Бундан ташқари, соҳага халқаро молия институтлари, хусусан, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Саудия тараққиёт жамғармаси ва Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси ҳамда Ислом тараққиёт банки маблағлари республиканинг халқаро аҳамиятдаги йўлларини реконструкция қилишга фаол жалб этилган.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА