Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик такомиллаштирилади
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни такомиллаштириш ҳамда валюта муносабатларини янада либераллаштиришга қаратилган қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
“Солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши, шунингдек солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик ва валютани тартибга солиш либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг асосий мақсади ва мазмун-моҳияти, унинг амалиётга жорий этилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Қонун билан репатриация қилинмаган активлар учун жарима қўллаш тартибини соддалаштириш, ихтиёрий равишда тўланган жарималарни қисман қайтариш механизмларини жорий этиш, айрим маъмурий жавобгарлик чораларини бекор қилиш, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари бўйича солиқ маъмуриятчилигини марказлаштириш, шунингдек, айрим саноат парклари ва зоналари учун вақтинчалик солиқ имтиёзларини белгилаш назарда тутилмоқда.

Муҳокама давомида қонуннинг амалдаги қонунчилик билан уйғунлиги, белгиланаётган нормаларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига таъсири ҳамда уларни амалиётда қўллаш механизмларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мажлис якунида қонун юзасидан қўмита аъзоларининг фикр ва таклифлари умумлаштирилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА