Солиқ қўмитаси 102,5 миллиард сўмлик ижтимоий кешбэк тўловини вақтинча тўхтатди
“Солиқ” мобил иловасида фойдаланувчиларга нега “шубҳали” мақоми берилаётганига изоҳ берилди.
Солиқ қўмитаси жорий йилнинг апрель ойи учун ҳисобланган 102,5 млрд. сўмлик ижтимоий кешбэк маблағларини қайтаришни вақтинча тўхтатганини эълон қилди.
Қўмита матбуот хизмати “Солиқ” мобил иловасида кўплаб фуқароларда “шубҳали фойдаланувчи” мақоми пайдо бўлаётгани сабабларини очиқлади.
Амалдаги тартибга кўра, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган эҳтиёжманд фуқароларни манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида алоҳида имтиёз берилган. Унга кўра, чакана савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш объектларидан 9 турдаги маҳсулот ва хизматлар (қўй, мол ва парранда гўшти, тухум, ўсимлик ёғи, ун, шакар, дори воситалари ҳамда тиббий хизматлар) харид қилинганда, оддий 1 фоизлик кешбэк ўрнига, харид суммасидан тўланган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўлиқ қайтариб берилади. Вазирлик айрим фуқаролар ва тадбиркорлар ушбу инсонпарварлик тизимини суиистеъмол қилиб, ўз манфаатлари йўлида сохта схемалар яратганини маълум қилди.
Миллиардлаб сўмлик талон-торожлик фош этилди.
Келиб тушган маълумотлар асосида қўмитанинг Комплаенс ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан бюджет маблағларининг асоссиз сарфланишини олдини олиш мақсадида дастлабки таҳлиллар ўтказилган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси ҳамда солиқ органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда бир гуруҳ шахслар “Солиқ” иловаси орқали сохта амалиётларни бажариб, 35,1 млрд. сўмлик маблағни кешбэк кўринишида талон-торож қилгани аниқланди.
Бундан ташқари, шубҳали операцияларни амалга оширган 649 та корхона фаолияти ўрганилмоқда. Ушбу корхоналар 2025–2026 йиллар давомида онлайн назорат-касса техникалари (ОНКТ) орқали жами 36,8 трлн. сўмлик маблағни айлантириб, 771,1 минг нафар фуқарога 347,9 млрд. сўм кешбэк ҳисобланишига сабабчи бўлган.
Вақтинчалик чеклов ва кейинги чоралар
Ҳозирда корхоналар билан тил бириктириб, сохта чеклар орқали давлатдан ҚҚС суммасини қайтариб олмоқчи бўлган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”даги 204,1 минг нафар шахс “шубҳали харидорлар реестри”га киритилди.
Мазкур гуруҳга кирувчи шахсларнинг апрель ойи учун ҳисобланган 102,5 млрд. сўмлик ижтимоий кешбэклари вақтинча музлатиб қўйилган. Ҳолат юзасидан қонуний чоралар кўриш учун суриштирув ишлари давом этмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА