621,6 минг фуқарога 161,5 миллиард сўмга яқин ижтимоий кэшбек қайтарилди
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йилнинг январь–март ойларида ижтимоий кэшбек тизими орқали 621,6 минг нафар фуқарога 161,5 миллиард сўмга яқин ҚҚС маблағи қайтариб берилди.
Қайд этилишича, тўловлар ҳажми бўйича ҳудудлар кесимида Андижон вилояти етакчилик қилмоқда — бу ерда 94,7 миллиард сўм қайтарилган. Кейинги ўринларда Самарқанд вилояти (12,5 миллиард сўм) ва Тошкент шаҳри (11,5 миллиард сўм) қайд этилган.

Маълумки, 2023 йил 1 майдан бошлаб “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқаролар учун қўшимча енгиллик жорий этилган. Унга кўра, улар чакана савдо шохобчаларидан айрим маҳсулотларни харид қилганда одатдаги 1 фоизлик кэшбек ўрнига 12 фоизлик қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) миқдоридаги маблағни қайтариб олиш имконига эга.
Кэшбекдан фойдаланиш тартиби ҳам соддалаштирилган: хариддан сўнг чекдаги QR-код Солиқ қўмитасининг мобил иловаси орқали сканер қилинади ва қайтариладиган маблағ автоматик равишда ҳисоблаб чиқилади.
Мазкур тизим кам таъминланган оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш, аҳоли харажатларини камайтириш ва нақдсиз тўловлар улушини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА