Солиқ форуми: ҚҚС, акциз ва фискал сиёсати кўриб чиқилди
«Ипак йўли» XVIII халқаро солиқ форумининг биринчи кунида минтақанинг иқтисодий тараққиёти, солиқ-божхона сиёсати ва барқарор ўсишни таъминлашга қаратилган долзарб масалаларга бағишланган тематик сессиялар бўлиб ўтди.
Форум доирасида ўтказилган биринчи сессияда иштирокчилар минтақавий иқтисодий тенденциялар, мавжуд чақириқлар ва имкониятлар, шунингдек фискал сиёсатга ёндашувлар ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда солиқ ва божхона ислоҳотларининг ўрни юзасидан атрофлича фикр алмашди.


Иккинчи сессия солиқ сиёсатининг инвестицияларни жалб этишдаги аҳамиятига бағишланди. Унда солиқ режимларининг барқарорлигини таъминлаш, маъмурий юкламани камайтириш, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тизимини модернизация қилиш ҳамда халқаро солиқ ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учинчи сессия доирасида билвосита солиқлар, хусусан ҚҚС ва акциз солиғи маъмуриятчилигини такомиллаштириш, бюджет тушумларининг барқарорлигини таъминлаш, шунингдек ушбу йўналишдаги замонавий тенденциялар ва илғор амалиётлар муҳокама қилинди.


Тўртинчи сессия эса тўғридан-тўғри солиқлар сиёсати ҳамда уларни самарали маъмурийлаштириш масалаларига бағишланди.
Форум иштирокчилари бу йўналишдаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва солиқ тизими самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Ш.Маматуропова, ЎзА