“Солиқ форуми – 2026” ўтказилди
Гулистон шаҳридаги Тадбиркорлар ва ҳунармандлар марказида тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ҳамда ҳудудий иқтисодий имкониятларни кенгайтиришга бағишланган “Солиқ форуми – 2026” бўлиб ўтди. Мазкур форум Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси ва Солиқ қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда 500 нафарга яқин тадбиркорлар, ҳисобчилар, йирик солиқ тўловчилар, соҳа экспертлари ҳамда фаол ёшлар иштирок этди. Форум доирасида 2026 йилга мўлжалланган солиқ сиёсати устувор йўналишлари, шунингдек, жорий йил солиқ қонунчилигига киритилган 110 дан ортиқ янгилик ва ўзгартишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Форумда солиқ маъмурчилигини соддалаштириш, рақамлаштириш жараёнларини кенгайтириш, яширин иқтисодиётнинг олдини олиш, ҳисоб-китобларда шаффофликни таъминлаш ҳамда ихтиёрий солиқ тўлаш маданиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мутахассислар томонидан тадбиркорларга солиқ ҳисоботларини электрон шаклда топшириш, онлайн хизматлардан фойдаланиш, риск-таҳлил тизими орқали текширувларни қисқартириш каби янгиликлар содда ва тушунарли тарзда тушунтирилди. Шунингдек, солиқ юкини мутаносиб тақсимлаш ва ҳалол тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган механизмлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Форум аввалида иштирокчилар Солиқ қўмитаси ҳамда Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси томонидан тайёрланган материаллар ва “Солиқ сиёсати – 2026” кўргазмаси билан танишдилар. Кўргазмада 2026 йилда амалга оширилиши режалаштирилган солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари, ҳудудий имтиёзлар ҳамда инвестициявий лойиҳалар учун яратилган енгилликлар визуал материаллар орқали намойиш этилди.
Форумда Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Суҳроб Тавбоев, Солиқ қўмитаси раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси, Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Тўрабек Тўраевлар сўзга чиқишиб, тадбиркорликни ривожлантиришда барқарор ва адолатли солиқ тизимининг аҳамиятини таъкидладилар.

Шунингдек, “Солиқ сиёсати – 2026: асосий йўналишлар” мавзусидаги маърузада Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси бош инспектори Ахтам Ҳамдамов солиқ маъмурчилигидаги амалий янгиликлар, тадбиркорлар учун яратилган қулайликлар ва қўлланмалар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Форумнинг энг фаол қисми очиқ мулоқот шаклида ўтди. Тадбиркорлар солиқ ҳисоб-китоблари, имтиёзлардан фойдаланиш тартиби, электрон ҳисоб-фактуралар, фискал чек тизими, экспорт операцияларида солиқ қўлланилиши каби долзарб масалалар юзасидан саволлар беришди. Масъуллар ҳар бир мурожаатга аниқ ва амалий жавоб қайтариб, муаммоларни ҳал этиш бўйича тавсиялар тақдим этишди.
Форум якунида бир қатор илғор тадбиркорлик субъектлари муносиб тақдирланди. Жумладан, “Энг кўп ишчи ўрни яратган”, “Энг интизомли солиқ тўловчи”, “Энг кўп солиқ тўлаган тадбиркорлик субъекти”, “Энг кўп маҳаллий солиқ тўлаган”, “Энг кўп фискал чек берган тадбиркорлик субъекти”, “Энг кўп экспортни амалга оширган тадбиркорлик субъекти”, “Энг ёш тадбиркор” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Уларга Давлат солиқ қўмитаси ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Таъкидлаш жоизки, “Солиқ форуми – 2026” тадбиркорлар ва солиқ органлари ўртасида конструктив мулоқот майдонига айланди. Форум доирасида яратилган очиқ муҳит, берилган амалий тавсиялар ва тақдим этилган имкониятлар Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири