Соҳибқирон мероси – ватанпарварлик ва бирдамлик мактаби
Буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланаётган бир пайтда, унинг бой маънавий мероси ва ибратли ҳаёт йўлини тарғиб этишга қаратилган тадбирлар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Зеро, Соҳибқироннинг жасорати, давлат бошқарувидаги юксак салоҳияти ҳамда ҳарбий санъатдаги бетакрор маҳорати бугунги авлод учун ҳам улкан ибрат мактабидир.
Ана шундай маънавий-маърифий руҳдаги тадбирлардан бири Бухоро вилояти божхона бошқармаси ва вилоят чавандозлар мактаби ҳамкорлигида ташкил этилди. “Биз ким – Мулки Турон фарзандлари” шиори остида ўтказилган мазкур спорт ва маънавий-маърифий мусобақалар божхона органлари ходимларини бирлаштириб, уларнинг жисмоний ва интеллектуал салоҳиятини синовдан ўтказишга хизмат қилди.

Мусобақада вилоят божхона бошқармасининг “Олот”, “Бухоро аэропорти” чегара божхона постлари, “ТИФ” божхона постлари ҳамда бошқарма аппарати ходимларидан шаклланган жамоалар иштирок этди. Иштирокчилар икки босқичдан иборат беллашувларда фаол қатнашиб, ўз билим ва маҳоратини намоён этди.

Дастлабки босқичда жамоалар Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти, унинг давлат бошқарувидаги ўрни, ҳарбий юришлари ҳамда “Темур тузуклари” асари юзасидан ташкил этилган “Заковат” интеллектуал ўйинда иштирок этди. Унда қатнашчилар нафақат билимларини, балки тезкор фикрлаш ва таҳлил қилиш қобилиятларини ҳам намоён этди. Айниқса, тадбирга меҳмон сифатида жалб этилган Бухоро шаҳридаги 30-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчи-ёшларининг фаол иштироки тадбирга алоҳида мазмун бахш этди.

Беллашувнинг иккинчи босқичи эса жисмоний тайёргарликка бағишланди. Унда Соҳибқирон даврига хос миллий спорт турлари – камондан ўқ отиш, миллий кураш, арқон тортиш ва от чоптириш каби мусобақалар ўтказилди. Бу синовлар иштирокчиларнинг нафақат куч-ғайрати, балки матонати, иродаси ва жамоавий ҳамжиҳатлигини ҳам яққол намоён қилди.


Бундай тадбирлар орқали аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва уларни ёш авлодга етказиш имконияти янада кенгаяди. Айниқса, давлат хизматчилари ўртасида ўтказилаётган бу каби мусобақалар уларда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаб, хизматга бўлган масъулият ва садоқатни оширишда муҳим аҳамият касб этади.


Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ташкил этилган мазкур тадбир нафақат спорт мусобақаси, балки маънавий тарбия, миллий ўзликни англаш ва жамоавий бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилган муҳим ташаббус сифатида эътиборга лойиқдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.