Жасорат, ватанпарварлик ва бирлик билан юксак мақсадлар сари
Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий-академик лицейда шу шиор остида Хоразм вилоятидаги “Жасорат мактаби” иштирокчилари ҳамда ҳарбий қисм ва муассасаларнинг муддатли ҳарбий хизматчилари иштирокида кенг қамровли маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари ташкил этилди.
Тадбирларнинг асосий мақсади ёш авлоднинг маънавий дунёқарашини бойитиш, қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш, жамоавийлик, ирода ҳамда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантиришдан иборат бўлди.
Дастур доирасида иштирокчилар “Заковат” интеллектуал беллашуви ҳамда волейбол, шахмат, шашка, арқон тортиш ва стол тенниси каби спорт мусобақаларида ўзаро куч синашди. Муросасиз ва кўтаринки руҳда кечган беллашувларда ёшларнинг билими, салоҳияти, зукколиги, чаққонлиги ва жамоа билан ишлаш маҳорати намоён бўлди.
– Бундай учрашувлар шунчаки мусобақа эмас, балки ёшлар қалбида Ватанга дахлдорлик, мардлик, жасорат ва юксак масъулият туйғуларини қарор топтирадиган муҳим ҳаёт мактабидир, – дейди ҳарбий-академик лицей директори, полковник Ихтиёр Саидов.
[gallery-32442]
Якуний натижаларга кўра, фаол иштирокчилар Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги, Урганч ҳарбий прокуратураси, Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий-академик лицей ҳамда Хоразм вилояти Мудофаа ишлари бошқармасининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари