Соғломлаштириш туризмини ривожлантириш йўлида
“Самарқанд блогерлар нигоҳида” икки кунлик пресс-тур ташкил этилди. Унда журналистлар, машҳур блогерлар ва мамлакатдаги туризм бизнеси вакиллари иштирок этди.
Улар қадимий шаҳарнинг янги туризм объектлари, хусусан, “Оҳалик-Оқбўйро-Миронқул” туристик-рекреацион зонасида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар билан танишди.

“Оҳалик-Оқбўйро-Миронқул” туристик-рекреацион зонаси Самарқанд шаҳридан 12 километр ва темир йўл станциясидан 15 километр узоқликда жойлашган. Бу ерга Тошкентдан автобусда етиб олиш мумкин. Ниҳоятда гўзал бўлган табиатнинг ушбу диққатга сазовор жойи Самарқанд туманидаги Оҳаликсой дарёси водийсида жойлашган.
Оҳалик Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудлари бўйлаб 370 километрга чўзилган Зарафшон тизмаси тоғ тармоғи ҳисобланади.

Денгиз сатҳидан 800 метрдан ортиқ баландликда жойлашган Оҳалик минтақаси қуёш нурининг кўплиги, нафас олиш органларини даволаш учун ёрдам берадиган қуруқ ва тоза шифобаҳш тоғ ҳавоси билан ажралиб туради. Бу ерда бир нечта санаторийлар - болалар сил касалликлари санаторияси ва Оҳалиқ санаторияси фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, асаб, юрак-қон тизимлари, ОИТ органлари касалликларини махсус даволаш курслари ҳамда бошқа соғломлаштириш муолажалари амалга оширилади.
Оҳалик тоғ массиви пиёда юриш туризми, бир ва бир неча кунлик саёҳатлар учун йўналиш сифатида жуда машҳур. Бу ерда тоғлар баланд эмас, шу боис уларга ҳатто эндигина ўрганаётганлар ҳам кўтарилиши мумкин.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА