“Соғлом ҳаёт марафони”
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Навоий вилояти Кенгаши ташаббуси билан “Навоий олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази”да “Халқ билан бирга” умуммиллий дастурининг “Соғлом ҳаёт марафони” акцияси доирасида хотин-қизлар ўртасидаги волейбол мусобақаси ташкил этилди.
Мусобақанинг очилиш маросимида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азиза Аминова ва бошқалар хотин-қизлар ўртасида спортни янада ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва жисмоний фаолликни оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган лойиҳа ва ташаббуслар инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, жамиятда фаол ва соғлом ҳаёт тарзини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Навоий вилояти спорт бошқармаси ҳамда Навоий вилояти волейбол федерацияси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур мусобақа “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган инсон салоҳиятини ривожлантириш вазифалари ҳамда партиянинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастурида назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ўтказилди.
Мусобақада партиянинг корхона ва ташкилотлардаги бошланғич партия ташкилотлари аъзоларидан тузилган жамоалар иштирок этди. Жумладан, “Zarafshon Golden Group” МЧЖнинг “Лидерлар”, Навоий машинасозлик заводининг “НМЗ-1”, “НКМК” АЖ марказий тиббий-санитария қисмининг “Авиценна”, Кармана туман мактаб ва мактабгача таълими бўлимининг “Турон”, Навоий шаҳар 2-сонли поликлиникасининг “Оқ бўрилар” ҳамда Қизилқум кон бошқармасининг “Қизилқум” жамоалари ғолиблик учун қизғин баҳс олиб борди.

Муросасиз кечган беллашувлар якунига кўра, 1-ўринни “НМЗ-1”, 2-ўринни “Оқ бўрилар” ва 3-ўринни “Авиценна” жамоаси қўлга киритди.
Ғолиб ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири