“Соғлом ҳаёт марафони” акцияси ўтказилди
ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан партиянинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ёшлар, айниқса, хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларнинг жисмоний фаоллигини ошириш ҳамда жамиятда спорт маданиятини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор амалий тадбирлар изчил давом этмоқда.
Шу мақсадда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида “Соғлом ҳаёт марафони” акцияси юқори кайфият ва фаол иштирок муҳитида ташкил этилди. Тадбирда институт талаба қизлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда партия фаоллари иштирок этди.

Акция доирасида эрталабки жисмоний машғулотлар тажрибали мураббий-ўқитувчилар раҳбарлигида ўтказилиб, иштирокчилар учун махсус мўлжалланган комплекс машқлар бажарилди.
Тадбирнинг ўзига хос жиҳати шундаки, барча жисмоний машғулотлар кўтаринки руҳда, мусиқа садолари остида ташкил этилди. Бу эса иштирокчиларнинг кайфиятини янада кўтариб, соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишини кучайтирди.
Шунингдек, тадбир доирасида талаба қизлар ўртасида югуриш бўйича мусобақа ташкил этилди. Унинг иштирокчилари ўз чаққонлиги, чидамлилиги ва ғалабага бўлган интилиши билан ажралиб турдилар. Беллашув якунида энг яхши натижа кўрсатган ғолиб ва совриндорлар аниқланди ҳамда уларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.