Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 2 март куни Қўшилмаслик ҳаракати Мулоқот гуруҳи саммитида сўзлаган нутқида пандемиянинг салбий таъсири биринчи навбатда ёш авлодга таъсир кўрсатаётганига эътибор қаратди.
Давлатимиз раҳбари ёшларнинг сифатли таълим, касб-ҳунар эгаллаши, тиббий хизмат олиши ва спорт билан шуғулланиши учун имконият кескин камайиб бораётганига ҳам тўхталди.
– Айниқса, ёш авлоднинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига ишончи йўқолиб бораётгани ташвишлантирмоқда. Бузғунчи ва радикал мафкуранинг минглаб ёшлар онгига таъсири ҳам кучаймоқда”, деди Президентимиз.
Қўшилмаслик Ҳаракати Ёшлар тармоғига аъзо давлатларнинг ёшлар ташкилотлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорлик йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон раҳбари келгуси йил Самарқанд шаҳрида “Чексиз имкониятлар саммити”ни ўтказиш ташаббуси билан чиқди.
Айтиш жоиз, дунёнинг 2 миллиарддан зиёд ёш аҳолиси энг ҳимоясиз қатламни ташкил этади. БМТ маълумотига кўра, пандемиянинг, айниқса, ёшларга таъсири оғир кечди. Бу нафақат мавжуд тенгсизликни кучайтиради, балки бутун бир авлоднинг ишлаб чиқариш салоҳияти пасайиши таҳдидини юзага келтиради.
Ёшлар ўртасида ишсизлик кўпайиши ҳам коронавирус пандемиясининг салбий оқибатидир. Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотига кўра, дунё бўйлаб 295 миллион иш ўрни йўқолиш арафасида. Бу салбий ҳолат 70 миллиондан зиёд 24 ёшгача бўлган ёшлар тақдирига боғлиқ. Шу билан бирга меҳнат қилаётган ёшларнинг, қарийб, 40 фоизи ўта қашшоқ яшайди.
Бугунги кунда дунёда геосиёсий вазият кескинлашгани, давлатлар ўртасидаги мулоқот издан чиққани, бузғунчи ғоялар тарқалиши кучайиб, терроризм, экстремизм ва сепаратизм кенг тарқалишига олиб келаётгани ҳам шу ташаббусга бўлган талаб билан боғлиқ. Бундай шароитда айнан ёшлар радикал ғоялар таъсирига кўпроқ мойилдир.
Шу билан бирга миллий анъана ва қадриятлар руҳида тарбияланган, чуқур билим ва кенг дунёқарашга эга бўлган навқирон авлод ҳар қандай давлатнинг муваффақиятли ривожланишининг ҳаракатлантирувчи куч эканлиги ҳам ҳақиқат.
Аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этувчи Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароит ҳамда жамият шаклланиши ва кафолатини яратиш мақсадида давлат ҳокимияти идоралари фаолиятининг устувор йўналиши сифатида ёшларга оид давлат сиёсати белгиланган, ёшларни камол топтириш, жамият манфаати йўлида улар ижодий салоҳиятини юзага чиқариш устувор мақсадлардан бирига айланган.
Сўнгги йилларда ёшларга оид сиёсат самарадорлигини оширишга қаратилган 77 та қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Булар орасида 2016 йил 14 сентябрдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, 2020 йил 30 июнь куни кучга кирган Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони алоҳида аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг институционал асоси ҳам мустаҳкамланди. Олий Мажлис ҳузурида Ёшлар парламенти тузилди, Ёшлар ишлари агентлиги Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигига айлантирилди. Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрлар тайёрлаш институти ташкил этилди.
Энг муҳими, давлатимиз раҳбари таклифига биноан, 30 июнь Ёшлар куни сифатида эълон қилинди. 2021 йил Ўзбекистонда Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб номланди. Бу борада комплекс Давлат дастури ижроси изчил якунланмоқда.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча ўзгаришлар асоси бўлган таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айни пайт таълимга, жумладан, ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағ давлат бюджети умумий миқдорининг ярмидан кўпини ташкил этади.
Ёшларга оид сиёсат доирасида ёшларни маданият, санъат ва спортга кенг жалб этиш, техника воситаларидан фойдаланиш, китобхонликка меҳр уйғотиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар йўлга қўйилган. Бу жараёнда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар тарбияси ва таълим-тарбиясида янги босқични бошлаб берган беш ташаббуси дастурий асос бўлди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан чуқур билим, тафаккурга эга, замонавий илм-фан ютуқларини ўзлаштирган кадрларни тайёрлаш мақсадида мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари сони кўпайтирилди. Айни пайт мавжуд 170 дан зиёд университет, институтларнинг 30 дан ортиғи нуфузли хорижий олий таълим муассасалари филиалларидир.
Бир сўз билан айтганда, кенг кўламли ислоҳотларимизни самарали амалга оширишда ёшлар ҳал қилувчи кучга айланмоқда. Бугунги кун ёшларини ҳар томонлама баркамол этиб шакллантириш, уларнинг ўзини англаши, юзага келаётган муаммоларни самарали ҳал этиш йўлларини ўрганиши учун шарт-шароит яратиш ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Қўшилмаслик Ҳаракати Ёшлар тармоғининг “Чексиз имкониятлар саммити” Самарқанд шаҳрида ўтказилиши ёшларни ўйлантираётган энг долзарб масалаларни муҳокама қилиш, шу йўналишда янги лойиҳалар ишлаб чиқиш учун қулай майдонга айланиши шубҳасиз.
Ўткир Сиддиқов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар
институти бош илмий ходими