Самарқандда янграган ёшлар овози сиёсий иродадан амалий ҳаракатларга айланади
Самарқандда Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси доирасида дунёнинг турли мамлакатларидан келган ёш парламентарийлар инсон ҳуқуқлари, адолат, ёшларнинг сиёсий иштироки, таълим, муносиб меҳнат, рақамли хавфсизлик ва иқлим ўзгариши каби долзарб масалаларни муҳокама қилди.
Олий Мажлис Сенати Ёшлар парламенти раиси Лайло Асланова нуфузли анжуманга оид фикрлари билан ўртоқлашди:
– Глобал конференция доирасидаги мулоқотлар фонида ёшларнинг сиёсий ҳаётдаги ўрни ва уларнинг қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштироки ҳақида фикр юритдик.
Бу жараён мен учун, аввало, шахсий хотирадан бошланади. Телефонимда ҳануз бир сурат сақланади. Университетдаги биринчи курс пайтимизда ҳуқуқ факультетида таҳсил олаётган талабалар гуруҳи билан Сенат биносига борганмиз. Суратда қарийб 90 нафар ёш бор ва улар орасида ягона қиз мен эдим.

Ўша пайтда қизларга ҳуқуқ соҳасини танлаш осон эмас эди. “Бу касб қизлар учун эмас”, деган қарашлар ҳам учрарди. Бугун эса орадан ўн йил ўтиб, мен бугунги Самарқанд конференциясида ёшларнинг овози, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари ҳақида гапираяпман. Буни мен Ўзбекистонда давлат сиёсати натижасида очилган имкониятларнинг бир кўриниши, деб биламан.
Шу маънода, Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)нинг 5-мақсади – гендер тенглиги мен учун оддий статистик кўрсаткич эмас. У инсоннинг ўз қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун тенг имкониятга эга бўлиш билан боғлиқ.
Самарқанддаги конференция эса бу масалани янада кенгроқ нуқтаи назардан кўриш имконини берди. Чунки ёшлар учун имконият яратишнинг ўзи етарли эмас. Энг муҳими, уларнинг овози эшитилиши, фикри қарор қабул қилиш жараёнларига таъсир қилиши ва бу иштирок доимий механизмга айланишидир.

Ўзбекистонда 2020 йилда ташкил этилган Ёшлар парламентлари бу борада муҳим амалий механизмлардан бири бўлди. Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти турли ҳудудлардан 100 нафар ёшни бирлаштириб, уларга қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва жамоатчилик билан мулоқот жараёнларида амалий тажриба орттириш имконини бермоқда.
Бу, албатта, парламентнинг муқобили эмас. Аксинча, ёшларнинг сиёсий жараёнларга тайёргарлиги, масъулиятни ҳис қилиши ва келажакда ишончли лидерлар сифатида шаклланиши учун ўзига хос мактабдир.
Бугун биз ёшлар иштирокининг самарасини фақат ўтказилган учрашувлар ёки тадбирлар сони билан ўлчамаслигимиз керак. Асосий мезон – ёшларнинг овози қарорларга таъсир қилаётгани билан боғлиқ.
Самарқанддаги мулоқотларнинг аҳамияти ҳам шунда. Ёш парламентарийлар нафақат ёшларга оид масалаларни, балки иқтисодиёт, бюджет, сунъий интеллект, иқлим ўзгариши, тинчлик ва хавфсизлик каби бутун жамият келажагини белгилайдиган масалаларни муҳокама қилмоқда. Чунки бугун қабул қилинаётган қарорларнинг оқибатлари билан энг узоқ яшайдиган авлод ҳам ёшлардир.
Мен учун энг муҳим тамойил жуда оддий: ёшларга дахлдор ҳеч қандай қарор ёшларнинг иштирокисиз қабул қилинмаслиги керак.
Ёшлар – БРМнинг барча мақсадларига эришишда ҳаракатлантирувчи куч. Самарқанд глобал конференцияси ҳам ана шу ғояни яна бир бор намоён этди: турли мамлакатлар ёш парламентарийларининг овози эшитилди. Бу овоз халқаро мулоқотдан миллий қарорларга, сиёсий иродадан амалий ҳаракатларга айланади.
Норгул Абдураимова,
Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА