Скотт Макдоналд: Ўзбекистон билан янги уфқларни кашф этиш вақти келди (+видео)
Халқаро муносабатлар фақат сиёсий келишувлар ва иқтисодий кўрсаткичлар билан ўлчанмайди. Мамлакатлар ўртасидаги ишонч, ўзаро англашув ва узоқ муддатли шериклик, аввало, инсонлар, билим ва маданият орқали мустаҳкамланади. Ўзбекистон ва Буюк Британия ҳамкорлигида таълим, инглиз тили ва санъат йўналишларининг алоҳида ўрин тутиши ҳам бежиз эмас.
Бу жараённинг муҳим иштирокчиларидан бири – Британия Кенгаши. Ташкилотнинг Ўзбекистондаги фаолиятига 30 йил тўлиши муносабати билан Тошкентда бўлиб ўтган тадбир нафақат ортда қолган давр сарҳисоби, балки ҳамкорликнинг кейинги босқичи ҳақида мулоҳаза юритиш учун ҳам имконият яратди.
1996 йилдан буён Британия Кенгаши мамлакатимизда инглиз тилини ўқитиш сифатини ошириш, педагоглар салоҳиятини ривожлантириш, таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда маданий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш йўналишларида иш олиб бормоқда.
Бундай ташаббусларнинг аҳамияти эса фақат тил билими ёки академик алмашинув билан чекланмайди: улар ўзбек ёшларининг халқаро билим ва тажрибага йўл очиши, мамлакатлар ўртасида янги профессионал ва ижодий алоқалар шаклланишига хизмат қилади.
Тузилманинг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида Британия Кенгаши бош ижрочи директори Скотт Макдоналд иштирок этди. Мулоқотда икки мамлакат ўртасида таълим, инглиз тили ва маданият соҳаларидаги шерикликнинг бугунги ҳолати, янги ташаббуслар ҳамда келгуси устувор вазифаларга эътибор қаратилди.
Юбилей тадбирлари доирасида Британия Кенгаши коллекциясидан ўрин олган тўртта видеоарт асарини жамлаган “WHO ARE WE?” (Биз киммиз?) кўргазмаси намойиш этилди.
ЎзА мухбири Британия Кенгаши бош ижрочи директори Скотт Макдоналд билан суҳбатда ташкилотнинг Ўзбекистондаги 30 йиллик фаолияти, инглиз тили ва замонавий таълимнинг ёшлар имкониятларини кенгайтиришдаги аҳамияти, миллий ўзлик ва глобаллашув ўртасидаги мувозанат, шунингдек, Ўзбекистон-Буюк Британия маданий ҳамкорлигининг янги истиқболлари хусусида фикр алмашди.
Ушбу суҳбатни ЎзАнинг “YouTube” каналида кўришингиз мумкин.
Мусулмон Зиё,
Ойбек Давронов (видео),
ЎзА