Алишер Саъдуллаев Британия Кенгаши аъзолари билан учрашди
Бугунги кунда хорижий тилларни, хусусан, халқаро мулоқот, илм-фан ва бизнес тилига айланган инглиз тилини мукаммал ўзлаштириш ҳар бир ёш учун муваффақият гаровига айланмоқда.
Тил билиш эндиликда шунчаки қўшимча кўникма эмас, балки жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош бўлиш, дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олиш ва илғор халқаро тажрибаларни ўзлаштиришнинг асосий мезони. Бу борада Буюк Британиянинг таълим ва маданият соҳасидаги етакчи ташкилоти — Британия Кенгаши (British Council) билан кўп йиллик самарали ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади.
Ана шундай муҳим ташаббусларни изчил давом эттириш ва ўзаро алоқаларни янги, янада юқори босқичга олиб чиқиш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев Британия Кенгаши бош ижрочи директори (CEO) Скотт Макдональд билан учрашди.
Мулоқот давомида мамлакатимиз ёшлари учун инглиз тилини ўрганиш имкониятларини янада кенгайтириш, уларнинг тил билиш даражасини халқаро стандартлар асосида холис ва сифатли баҳолаш ҳамда халқаро таълим дастурларидан кенг фойдаланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган истиқболли режалар атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, меҳмонларга Ёшлар ишлари агентлигининг фаолият йўналишлари, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар ҳамда хорижий тилларни ўрганиш борасида амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА