Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) “Scienceweb” талқинига кўра, Ўзбекистон олий таълим муассасалари илмий тадқиқотлар миллий маълумотлар базасида иккинчи ўринни эгаллади.
Танлов мезонлари сифатида университетларда ва тадқиқот марказларида ишлайдиган олимларнинг умумий ўртача H-INDEX даражаси, шунингдек, уларнинг Scopus, Web of Science, Google Scholar каби маълумотлар базаларида индексланган илмий нашрларда чоп этилган тадқиқотлари билан боғлиқ ҳаволалар сонига қараб тайинланган.
Мамлакатдаги энг ёш университетларидан бири, фаолият бошлаганига эндигина 2 йил бўлаётган SIUTда 16 та мамлакатдан келган 30 дан ортиқ тажрибали профессор ўқув жараёнига жалб қилинган. Ўқув курслари иқтисодиётнинг реал сектори талабларига мослаштирилган.

2023 йилда университетга 200 га яқин талаба кончилик, геология, нефть ва кимё муҳандислиги, ахборот технологиялари каби етакчи соҳаларда таълим олиш учун ўқишга қабул қилинди.
Эътиборлиси, 67 нафар иқтидорли ёш, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар SIUT Васийлик кенгаши раиси томонидан жорий этилган махсус грантларни қўлга киритди.
Яқин орада SIUT жаҳон стандартлари даражасидаги лабораториялар билан жиҳозланган янги кампусга кўчиб ўтади. Бу талабаларга замонавий шароитларда таълим олиш, шу билан бир қаторда муҳандислик фанлари бўйича билим ва кўникмаларини янада кенгайтириш имконини беради.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири