Беруний хазиналарни ерга кўмиб қўйишни нега кескин танқид қилган?
Буюк аллома Абу Райҳон Беруний бундан минг йил муқаддам хазиналарни ерга кўмиб ҳаракатсиз сақлашни бозор тараққиётини бўғувчи омил деб баҳолаб, олтин ва кумушнинг асл моҳияти узлуксиз муомалада эканини илмий жиҳатдан асослаб берган.
Қадимги ва ўрта асрлар тарихида моддий бойликни хавф-хатарлардан асраш мақсадида ер остига яшириш ёки сандиқларда ҳаракатсиз сақлаш кўп учрайдиган одат бўлган. Ҳукмдорлар ҳамда йирик савдогарлар жамғарган маблағларини дахлсиз хазина сифатида асрашни афзал билишган. Бироқ бундай ёндашув шаҳарлараро савдо айланмасини секинлаштириб, бозордаги тўлов воситаларининг тақчиллигига олиб келган. Мазкур жараённинг ижтимоий-иқтисодий илдизларини ўрганган шарқшунос олима С.М.Бациева ўз тадқиқотларида Абу Райҳон Берунийнинг бу борадаги назарий қарашларига алоҳида эътибор қаратади. Олиманинг таҳлилларига кўра, Беруний пулни шунчаки ҳисоб-китоб воситаси эмас, балки инсонлар меҳнатини мувофиқлаштирувчи мураккаб ижтимоий ўлчов сифатида баҳолаган.
Беруний ўзининг “Геодезия” асарида инсоният жамиятининг шаклланиш омиллари хусусида мулоҳаза юритар экан, кишиларни бирлаштирган бош куч ақл-идрок ва ҳамкорлик эканини қайд этади. Мутафаккир фикрича, инсонлар ташқи хавфларни биргаликда қайтариш ҳамда фойдали меҳнатни ўзаро тақсимлаш эҳтиёжи туфайли жамиятга уюшганлар. Меҳнат тақсимоти ўз навбатида касб-ҳунарларнинг хилма-хил тармоқларга бўлинишига ва маҳсулот айирбошлашнинг кенгайишига йўл очди. Бироқ жамият ривожланган сари янги иқтисодий чигаллик кўндаланг бўлди: бир косиб ёки деҳқоннинг сарфлаган меҳнати иккинчисиники билан тўғридан-тўғри қиёслаб бўлмайдиган даражада фарқланар эди.
Бундан ташқари, товар айирбошлаш жараёнида эҳтиёжларнинг турли вақтларда юзага келиши жиддий тўсиқ бўлиб турарди. Масалан, бир ҳунарманд ўз маҳсулотини донга алмаштирмоқчи бўлганида, деҳқонда айни ўша пайтда мазкур буюмга нисбатан зарурат бўлмаслиги мумкин эди. С.М.Бациева Берунийнинг айнан шу муаммога берган ечимини юқори баҳолайди. Аллома таъкидлаганидек, инсонлар майда бўлакларга ажратилганда сифатини йўқотмайдиган, бирлаштирилганда эса бекаму кўст жамланадиган, энг муҳими, турли меҳнат маҳсуллари ўртасидаги нисбатларни адолатли белгилайдиган воситага муҳтожлик сездилар. Чорва моллари ёки мато сингари буюмлар бўлинганда ўз асл қимматини йўқотгани сабабли, жамият аъзолари кам учрайдиган, узоқ сақланадиган ва чидамли бўлган эрувчан металларни умумий нарх мезони қилиб олдилар.
Аллома ўзининг “Минералогия” асарида ушбу қарашларни янада ривожлантириб, олтин ва кумушнинг нима сабабдан ягона баҳолаш воситасига айланганини шарҳлайди. Инсон эҳтиёжларининг ортиб бориши одамларни доимий ва барқарор ўлчов топишга ундади. Кўриниши чиройли, табиатда кам топиладиган, зангламайдиган ва асрлар давомида чиримайдиган қимматбаҳо маъданлар бозордаги барча маҳсулотларнинг умумий баҳосига айланди. Олтин ва кумуш шу тариқа оддий топилма бўлиш доирасидан чиқиб, муомалани таъминловчи қудратли восита сифатида тан олинди. Бироқ бу бойликнинг ижтимоий аҳамияти унинг қандай қўлланишига бевосита боғлиқ эди.
Беруний ўз даврида бойликни муомаладан чиқариб, уни ҳаракатсиз яшириб қўйиш одатини илмий асосда кескин танқид остига олади. Маъдан конларидан машаққат билан қазиб олинган олтин ва кумушни сандиқларга солиб кўмиб қўйиш, алломанинг фикрича, табиий тараққиёт қонуниятларини бузиш билан баробардир. Ер остидан олинган бойлик яна тупроқ остига қайтиши эмас, балки тирик ва фаол хўжалик муомаласида ишлатилиши зарур. Агар маблағлар муомаладан узиб қўйилса, улар тўлов ва баҳолаш хусусиятини йўқотиб, яна фойдасиз тош ҳолатига қайтади.
Ушбу ҳақиқатни кенгроқ ёритиш мақсадида Беруний ўта аниқ ҳаётий қиёсни келтиради. Ерга кўмилган қимматбаҳо металлар даладан йиғиб олинган ғаллага ёки сўйилган чорва маҳсулотига ўхшайди. Ўриб олинган дон сақланиб, чиритилмасдан, эҳтиёжга сарфланиши ва озуқага айланиши шарт бўлганидек, қазиб олинган олтин ва кумуш ҳам ҳаракатсиз ётмаслиги лозим. Унинг бош вазифаси – зарбхоналарда олтин динор ва кумуш дирҳам кўринишида муҳрланиб, бозорларда қўлма-қўл айланиши, савдо ҳисоб-китобларини таъминлаши ҳамда битимлар бўйича тўловларни амалга оширишидир. Сармоя тўхтовсиз айланмас экан, жамиятнинг иқтисодий барқарорлигига жиддий путур етади.
Қиймат ва пул тўғрисидаги бундай қарашлар қадимги дунё ва ўрта асрлар Ғарб фалсафасидаги тушунчалардан сезиларли даражада илгарилаб кетган эди. Қадимги Юнон мутафаккири Аристотел пулни муомалани осонлаштириш мақсадида келишилган шартли белги деб билган бўлса, кейинчалик Европа схоластикаси намояндаси Николай Орезм ҳам пулга ҳукмдорнинг иродаси билан белгиланадиган сунъий бойлик сифатида қаради. Шарқшунос олима С.М.Бациева таъкидлаганидек, Беруний пулни ҳокимларнинг буйруғи билан юритиладиган ташқи тамға эмас, балки инсонларнинг жамият учун сарфлаган фойдали меҳнати мужассам бўлган ҳақиқий қиймат мезони даражасига кўтарди. Олтин ва кумуш ўзидаги ноёблик ҳамда унга сарфланган машаққатли меҳнат туфайли барча неъматларнинг баҳосини ўлчаш қудратига эга бўлган.
Хоразмда илгари сурилган ушбу илмий тамойиллар кейинги асрларда яшаган олимлар тадқиқотлари учун ишончли асос вазифасини ўтади. Марв шаҳрида илмий изланишлар олиб борган табиатшунос олим ал-Хозиний Берунийнинг табиий ва иқтисодий қарашларини синчиклаб ўрганиб, ўзининг илмий ҳисоб-китобларида “Минералогия” асарига қайта-қайта мурожаат қилган. Шунингдек, мутафаккирнинг “Геодезия” китобида баён этилган меҳнат тақсимоти ва жамият бирлигига оид хулосалари кейинги давр илмий доираларида кенг эътироф этилган. Бу ҳолат Марказий Осиё заминида иқтисодий фикр шунчаки тасодифий қарашлардан иборат бўлмай, мустаҳкам назарий тизим ҳолида ривожланганини кўрсатади.
Абу Райҳон Берунийнинг тангалар муомаласи, нархнинг шаклланиши ва сармоянинг ҳаракати ҳақидаги қарашлари савдо муносабатларининг асл қонуниятларини очиб берган. Мутафаккир бойликни ерга кўмиш ҳолатини қоралаб, жамият тараққиёти маблағларнинг тўхтовсиз айланиши ва меҳнат маҳсулининг адолатли баҳоланиши билан узвий боғлиқ эканини исботлади. Минг йил аввалги қўлёзмаларда битилган бу теран хулосалар аждодларимизнинг ижтимоий тараққиёт ва бозор мезонлари моҳиятини нақадар теран англаганини намоён этувчи қимматли мерос ҳисобланади.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА