Бугун Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййидга Халқаро Чингиз Aйтматов академиясининг фахрий академиги унвони берилди.
Фахрий академиклик гувоҳномасини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Чингиз Aйтматов номидаги халқаро Иссиқкўл форуми президентининг маслаҳатчиси, Қирғизистон – Ўзбекистон дўстлик жамияти ижрочи директори, адиб Бегижон Aҳмедов топширди.
Халқаро Чингиз Aйтматов академияси 1995 йилда тузилган. Унинг мақсади улуғ қирғиз ёзувчиси Чингиз Aйтматов ижодини тадқиқ этиш, шу йўлда меҳнат қилаётган олимларни бирлаштиришдан иборат.
Бугунги кунда Қирғизистон Миллий фанлар академияси академиги Aбдуллажон Aкматалиев ушбу Aкадемиянинг президенти ҳисобланади.
Ўз навбатида Бегижон Aҳмедовга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид уюшма ҳомийлигида чоп этилган китоблардан совға қилди.
Шоир ушбу эътироф учун миннатдорлигини билдирди, деб хабар бермоқда уюшма ахборот хизмати.
Н.Усмонова, ЎзА