Сирдарёлик хотин-қизлар водий тажрибасини ўрганишди
Бир маҳаллада рўмол тикиб, юзлаб аёллар даромад топмоқда, бошқасида хонадон ертўласи кичик иссиқхонага айланган, яна бирида эса томорқачилик ва ҳунармандчилик бутун оилалар фаровонлигига хизмат қилмоқда. Водий вилоятларидаги ана шундай ҳаётий тажрибалар сирдарёлик хотин-қизлар делегацияси учун ўзига хос амалий мактаб бўлди.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларига уюштирилган сафарда туман ва шаҳар ҳокимликлари масъуллари, оила ва хотин-қизлар бўлимлари раҳбарлари ҳамда тадбиркор аёллар иштирок этиши. Сафар давомида ҳудудларда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, касаначилик ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, хонадонлар даромадини ошириш борасида тўпланган тажрибалар ўрганилди.

— Очиғини айтганда, бу сафар делегациямиз аъзолари учун ўзига хос амалий мактаб бўлди. Биринчи куни Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида бўлдик. Бу ерда Муллавой, Баҳор ва Қоракўрпа маҳаллаларида йўлга қўйилган новвойчилик, тикувчилик, кўрпачилик, тўнчилик ва дўппичилик йўналишларидаги фаолият билан танишиб, тажриба алмашдик. Бўстон туманидаги дуал таълим тизими жорий этилган 21-умумтаълим мактаби фаолияти, Давлатобод ва Обод маҳаллаларидаги чеварчилик ҳамда чорвачилик тажрибалари ҳам эътиборимизни тортди. Ҳар бир ҳудудда ўзига хос ёндашув, амалий натижа ва ўрганишга арзигулик тажриба бор. Таассуротларимиз катта, — дейди Гулистон шаҳар ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Азиза Пайзиева.

Фарғона вилоятидаги ўрганишлар тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш ва аҳолини даромадли меҳнатга жалб этишга қаратилган лойиҳалар билан давом этди.

— «Қаюм» ҳамда «Қозоқи», «Қува анори», «Қора дона» ва «Қизил пўчоқ» каби анор навлари билан машҳур Қува туманидаги «Фарғона анорчилик» агрофирмаси ва унинг раҳбари Мастура Сайфутдинованинг тажрибасини ҳар қанча ўрганса арзийди. Бизга бу ерда анор кўчатини етиштиришдан тортиб, ҳосилга киргунча бўлган жараён, парваришлаш, суғориш ва агротехнологиялар ҳақида батафсил маълумот беришди. Эътиборимизни тортган жиҳати — 300 гектар майдонда анорчилик йўлга қўйилгани, хўжаликда 100 та доимий иш ўрни яратилганидир. Бундан ташқари, 150 та хонадон билан ҳамкорлик ўрнатилиб, уларга анорчиликни ривожлантиришда амалий кўмак берилмоқда. Тадбиркорнинг ҳаёт йўли ва фаолияти ҳақида алоҳида китоб нашр этилгани ҳам эътиборга молик.
Бу тажриба биз учун айниқса муҳим. Чунки Мирзаобод тумани ҳам қовун-тарвузи, шунингдек, «Қорақайин», «Қора дона» анор нави билан танилган. Мастура опанинг тажрибаси мирзаободлик анор етиштирувчилар учун ҳам асқотиши шубҳасиз. Зеро, ҳар қандай муваффақият ортида билим, изланиш, ўз касбининг усталаридан олинган сабоқ ва маслаҳатлар туради, — дейди Мирзаобод туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Юлдуз Эшмуродова.

Қува туманида Барно Икромова томонидан ноёб турдаги ўсимлик кўчатларини етиштириш йўлга қўйилгани ҳам делегация аъзоларида қизиқиш уйғотди. Мазкур лойиҳа доирасида 30 та иш ўрни ташкил этилган. Тадбиркор ўз тажрибасини бошқа вилоятларда ҳам татбиқ этиб келмоқда.

Фарғона шаҳрининг Машъал маҳалласида эса Тоҳиржон Абдусаматовнинг стартап лойиҳаси асосида кўп қаватли уйлар ертўлаларида 80 турдаги шифобахш кўкатлар етиштириш йўлга қўйилган. 2020 йилда бошланган лойиҳа натижасида 50 та иш ўрни яратилган. Айни пайтда тадбиркор олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда илмий изланишлар олиб бормоқда. Бу тажриба фойдаланилмаётган бинолар ва майдонлардан ҳам самарали фойдаланиб, уларни даромад келтирадиган ишлаб чиқариш ҳудудларига айлантириш мумкинлигини кўрсатади.

Фарғона туманидаги Дилкушо маҳалласида яшовчи Маликахон Тўраеванинг малина етиштириш ва қайта ишлаш фаолияти ўрганилди. Тадбиркор ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали саккизта иш ўрни яратган. Етиштирилган маҳсулотлар қайта ишланиб, қўшни вилоятларга етказиб берилмоқда. Сойбўйи маҳалласида Саодат Раимқулова ташкил этган қуруқ меваларни қайта ишлаш ва қадоқлаш фаолияти ҳам эътиборга молик. Корхона маҳсулотлари Россия ва Хитой бозорларига экспорт қилинмоқда, бу ерда 25 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланган.

Наманган вилоятидаги ўрганишлар касаначилик, томорқачилик, чорвачилик, балиқчилик ва маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларини қамраб олди.

Наманган туманида қарийб 30 йилдан буён эчки жунини қайта ишлаш билан шуғулланиб келаётган Сожида Йўлдашалиевна Ортиқованинг рўмолчилик йўналишидаги касаначилик фаолияти билан танишилди. Тадбиркор 100 нафардан ортиқ кишининг бандлигини таъминлаган. Хотин-қизлар уй шароитида меҳнат қилиб, даромад топмоқда, тайёр маҳсулотлар эса ички бозор билан бирга хорижга ҳам экспорт қилинмоқда. Бу тажриба касаначилик орқали нафақат иш ўринлари яратиш, балки миллий ҳунармандчилик анъаналарини давом эттириш мумкинлигини ҳам кўрсатади.
Тумандаги Равнақ маҳалласида Олимахон Умарова томонидан олти йилдан буён ривожлантириб келинаётган беданачилик фаолияти ўрганилди. Пастки Чўжа маҳалласида эса замонавий иссиқхоналарда қулупнай етиштириш ва томорқадан самарали фойдаланиш тажрибаси билан танишилди.

Боёвул маҳалласида лимончилик аҳоли даромадининг муҳим манбаига айланган. Маҳмудовлар хонадонида лимон кўчатларини етиштириш ва парваришлаш жараёни билан танишилди. Маҳалладаги 535 та хонадонда 2 691 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 380 та хонадонда лимончилик иссиқхоналари ташкил этилган. Бу эса биргина йўналишнинг ўзи ҳам кўплаб оилалар учун даромад манбаига айланиши мумкинлигини кўрсатади.

Норин туманида фарель етиштиришга ихтисослашган балиқчилик хўжалиги фаолияти билан танишилди. Балиқларни парваришлаш, замонавий технологиялардан фойдаланиш, сифатли озуқа билан таъминлаш ва ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, Янги Наманган маҳалласида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, янгиланган инфратузилма билан танишилди.

Уйчи туманидаги Исломобод маҳалласида жойлашган «Uychi Nuts» корхонасида ёнғоқ маҳсулотларини қайта ишлаш, чақиш, мағзини саралаш ва қадоқлаш ишлари йўлга қўйилган.

Корхона маҳсулотлари Туркия ва Руминияга экспорт қилиниб, шу кунга қадар қарийб 7 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот етказиб берилган. Бу ерда 31 нафар хотин-қизнинг доимий бандлиги таъминланган.
Корхонанинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, Хитойдан келтирилган ёнғоқ маҳсулотларини маҳалладаги 600 та хонадонга тарқатиш орқали аҳолига уй шароитида меҳнат қилиб, қўшимча даромад топиш имконияти яратилган. Яъни корхона фаолияти ишлаб чиқариш билан чекланмай, маҳалла аҳолисини ҳам иқтисодий жараёнларга жалб этмоқда.

Ёркатой маҳалласида тадбиркор Соҳиба Нурматова томонидан ташкил этилган чинни-фаянс ва сопол буюмлар ишлаб чиқариш цехи фаолияти ҳам ўрганилди. Бир йил аввал иш бошлаган корхонада 20 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланган. Бундан ташқари, бешта хонадон касаначилик асосида ишга жалб қилинган бўлиб, умумий ҳисобда 40 нафарга яқин хотин-қиз меҳнат қилмоқда.
Цехда ойига 35 мингдан 60 минг донагача чинни буюмлар ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотларнинг саккиз тури ички бозорга ва Хитойга етказиб берилмоқда. Корхонада ишлаб чиқаришни кенгайтириш билан бир қаторда, хотин-қизларни касбга ўргатиш ва устоз-шогирд анъаналарини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Делегация аъзолари ҳар бир ҳудуддаги лойиҳалар билан танишар экан, уларнинг қайси жиҳатларини Сирдарё шароитида қўллаш мумкинлигига ҳам эътибор қаратди. Айниқса, маҳаллаларнинг мавжуд салоҳиятидан келиб чиқиб, хотин-қизларни касаначиликка жалб этиш, кичик ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш орқали қўшимча даромад манбаларини яратиш масалалари муҳокама қилинди.
— Водий вилоятларига сафар давомида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва оилавий даромадни оширишга қаратилган кўплаб самарали лойиҳалар билан танишдик. Айниқса, касаначиликни ташкил этиш, хонадонларда кичик ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, томорқадан унумли фойдаланиш ва тадбиркорлик орқали янги иш ўринлари яратиш борасидаги тажрибалар биз учун муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бундай лойиҳалар ҳар бир маҳалланинг имкониятлари ва хотин-қизларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, бандликни таъминлаш мумкинлигини кўрсатади. Ўрганган тажрибаларимизни Ширин шаҳрида ҳам татбиқ этиш, иш билан банд бўлмаган хотин-қизларни касаначилик ва оилавий тадбиркорликка жалб қилиш, улар учун барқарор даромад манбаларини яратиш бўйича ишларни давом эттирамиз, — деди Ширин шаҳар ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Дилдора Умарова.

— Водий вилоятларида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва касаначиликни кенгайтириш бўйича амалий натижаларга эга лойиҳалар билан танишдик. Айниқса, хонадонларни ишлаб чиқариш жараёнларига жалб этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш орқали аҳоли даромадини ошириш тажрибаси эътиборимизни тортди. Бу каби ташаббуслар хотин-қизларга ўз яшаш жойида меҳнат қилиш, касб-ҳунар эгаллаш ва оила бюджетига ҳисса қўшиш имконини беради. Ўрганган тажрибаларимиз асосида Гулистон шаҳрида ҳам маҳаллалар имкониятларидан келиб чиқиб, янги лойиҳаларни амалга ошириш, касаначилик ва оилавий тадбиркорликни кенгайтиришга эътибор қаратамиз. Бунда асосий вазифа ҳар бир ташаббусни барқарор даромад манбаига айлантиришдан иборат, — дейди Гулистон шаҳар ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Азиза Пайзиева.

Водий вилоятларида ўрганилган тажрибалар шуни кўрсатдики, хотин-қизлар бандлигини таъминлашнинг ягона қолипи йўқ. Кимдир ҳунармандчилик орқали, яна кимдир томорқачилик, касаначилик ёки қайта ишлаш соҳасида ўз даромад манбаини яратиши мумкин. Муҳими, ҳар бир маҳалланинг имкониятини тўғри баҳолаш, ташаббускор аёлларни қўллаб-қувватлаш яхши натижа берган тажрибаларни Сирдарё шароитига мослаштириб, амалиётга жорий этишдир.
Ғулом Примов,ЎзА мухбири