Намунали томорқачи аёллар тажрибаси оммалаштирилмоқда
Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши ҳамда партиянинг туман Кенгаши ҳамкорлигида “Намунали томорқачи аёл – фаровонлик бунёдкори!” лойиҳаси асосида маҳорат дарси ташкил этилди. Тадбирда хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва томорқа ерларидан самарали фойдаланиш бўйича амалий тажрибалар оммалаштирилди.
Маҳорат дарси иштирокчилари туманнинг “Нуробод” маҳалласида яшовчи фаол томорқачи Мавлуда Мавлонованинг хонадонида бўлиб, унинг тажрибаси билан яқиндан танишди. У 10 сотих майдонда булғор қалампири етиштириб, мавсум якунига қадар 50 миллион сўмгача даромад олишни режалаштирган. Шунингдек, 5 сотих майдонда ташкил этилган иссиқхонада помидор парваришлаб, қўшимча даромад манбаини яратган.

Тадбир давомида иштирокчиларга томорқадан унумли фойдаланиш, иссиқхона ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва бозорга чиқариш бўйича амалий кўрсатмалар берилди. Намунали томорқачи ўз тажрибаси билан ўртоқлашиб, томорқачиликни чорвачилик ва гулчилик билан уйғунлаштириш орқали оила даромадини янада ошириш мумкинлигини таъкидлади.

– «Намунали томорқачи аёл» шунчаки ташаббус ёки лойиҳа эмас. Унинг замирида аҳоли бандлигини таъминлаш, хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, оилалар даромадини кўпайтириш ва ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиш ғояси мужассам. Бугун ўз меҳнати билан намуна кўрсатаётган аёллар тажрибаси бошқа оилалар учун ҳам амалий мактаб вазифасини ўтамоқда. Шу боис бу борадаги ишларни янада кенгайтириш, қамровини ошириш ва илғор тажрибаларни маҳаллаларда оммалаштириш юзасидан O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши ҳамда партиянинг туман ва шаҳар кенгашлари томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда, – O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши раҳбари Шохиста Бозорбоева.
Тадбирда партия фаоллари, маҳалла хотин-қизлари ва томорқачиликка қизиқувчи аёллар иштирок этишди. Улар маҳсулот етиштиришнинг замонавий усуллари, сув ресурсларидан тежамкор фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш ва маҳсулотни сотиш механизмлари бўйича тавсиялар олишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири