Сирдарёда ўқитувчи ва мураббийлар тақдирланишди
Сирдарё вилоятининг Ёшлар марказида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни олдидан тантанали маросим ўтказилди. Унда таълим ва илм-фан тараққиёти йўлида фидойилик билан хизмат қилаётган устозлар, олимлар ҳамда педагогика соҳаси мутахассислари муносиб тақдирланди.
Маросимда вилоятдаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар, педагоглар, олимлар ва раҳбар кадрлар иштирок этди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов сўзга чиқиб, барча устоз ва мураббийларни байрам билан муборакбод этди:

– Педагог меҳнати – келажагимизга қўйилган энг муҳим пойдевор. Уларнинг билим ва тарбия йўлидаги саъй-ҳаракатлари мамлакатимиз равнақи, юрт келажаги учун беқиёс аҳамиятга эга.

Шунингдек, вазир давлатимиз раҳбари томонидан таълим соҳасига қаратилган эътибор ва яратилаётган имкониятлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Хусусан, Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида сўзга чиқиб, таълим масалаларига алоҳида урғу бергани ҳамда келгуси йил таълим бўйича Жаҳон саммитини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини илгари сургани жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам юксак баҳоланаётганини қайд этди.

– Бизда шарт-шароит ва имкониятлар етарли. Асосийси, уларни тўғри йўналтириб, нафақат кадрлар, балки халқаро стандартларга жавоб берадиган рақобатбардош мутахассислар тайёрлашимиз зарур. Бу эса устозлардан янада кўпроқ масъулият ва фидойилик талаб этади, – деди Қўнғиротбой Шарипов.

Тадбирда Гулистон давлат университети ва Гулистон давлат педагогика институтининг 6 нафар профессор ва доцентлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланишди. Шунингдек, вилоятдаги турли йўналишларда фаолият олиб бораётган техникумларнинг 28 нафар ўқитувчиси ва раҳбар ходимлари ҳамда 2 нафар академик лицей ўқитувчисига “Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси” кўкрак нишонлари топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири