Ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати эътироф этилди
Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан туман ҳокимлигида тадбир бўлиб ўтди. Унда таълим соҳаси фидойиларига иззат-ҳурмат кўрсатилиб, уларга пул мукофотлари берилди.
Ҳозирги кунда туманда 43 та умумтаълим мактаби ва 32 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Ушбу таълим масканларида 1 772 нафар педагог ёш авлодга билим бериш, маънавий тарбия бериш ва замонавий дунёқарашни шакллантириш йўлида меҳнат қилмоқда.


Тадбирда туман ҳокими Азизбек Турдимуродов сўзга чиқиб, устоз ва мураббийларни байрам билан самимий табриклади. Шунингдек, тумандаги таълим муассасаларига замонавий компьютер жамланмалари ҳамда ноутбукларни топширди.


1-сонли умумтаълим мактаби директори Шоҳида Дадамирзаева ўз таассуротларини баён этар экан, жумладан шундай деди: – Бундай эътибор биз учун катта қувонч ва илҳом манбаи бўлди. Бизга берилган янги техника воситалари эса таълим жараёнини янада қизиқарли, интерактив ва самарали ташкил этишга ёрдам беради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири