Сирдарё вилоятида “KOICA” кўмагида 3 та ўқув маскани ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Корея ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан биргаликда “Сирдарё вилоятидаги аҳолининг заиф қатламини қўллаб-қувватлаш дастури” лойиҳаси доирасида Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманларида 3 та касб-ҳунарга ўқитиш масканларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан ҳудудларда ўтказилган тадбирларга республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари журналистлари учун пресс-тур ташкил этилди.KOICA – Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги узоқ йиллар давомида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш, таълим, ахборот технологиялари, коммунал хизматлар, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, транспорт ва бошқа бир қатор йўналишлар бўйича доимий ҳамкорликни йўлга қўйилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда KOICA ўртасида жорий йилнинг ўтган даврида мазкур лойиҳа доирасида олиб борилган ҳамкорлик натижасида кўплаб амалий ишларнинг ижроси таъминланди. Жорий йилнинг 23 октябрь куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги раҳбарияти ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги офиси вакиллари томонидан “Сирдарё вилоятидаги аҳолининг заиф қатламини қўллаб-қувватлаш дастури” лойиҳасини ҳамкорликда амалга ошириш бўйича меморандум имзоланган эди.
Мазкур келишув меморандуми асосида айни кунга қадар Оқолтин туманидаги Шодлик, Сардоба туманидаги Бирлик маҳалла фуқаролар йиғини биноларида ва Мирзаобод туманидаги Деҳқонобод маҳалласи ҳудудида жойлашган маданият маскани биносида аҳолини, айниқса аёлларни касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида ўқув масканлари ташкил этилди.
Пресс-тур давомида вилоятдаги Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманларида 3 та касб-ҳунарга ўқитиш масканларининг тантанали очилиш маросимлари ўтказилди. Тадбир иштирокчилари айнан ана шу масканлардаги амалга оширилган ишлар, ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Иштирокчилар дастлаб Оқолтин тумани Шодлик маҳалла фуқаролар йиғини биносида ташкил этилган касб-ҳунарга ўргатиш ўқув масканининг очилиш маросимига ташриф буюрди. Унда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов, Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги директори Пак Сунжин хоним, Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосарлари Отабек Носиров ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вилоят бошқармаси бошлиғи Ўлмас Мамадаминов ва бошқалар сўзга чиқди.
Ушбу ўқув маскани ишсиз ва банд бўлмаган фуқаролар учун кенг имкониятлар яратиш, касб-ҳунар ўрганаётган аёлларнинг билим ва малакасини ошириш, ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ўзбек миллий чолғу ансамбили ҳамда Корейс миллий маданий маркази вакиллари ва Оқолтин тумани маданият уйи ҳаваскорларининг бадиий чиқишлари пресс-тур қатнашчилари ва меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Иштирокчилар ушбу ўқув масканида касб-ҳунар ўрганаётган ўқувчи хотин-қизлар билан суҳбатлашди.
Шу жойнинг ўзида, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов ҳамда Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги директори Пак Сунжин хоним журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
[gallery-522]
– Касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ёрдамида вилоятдаги 200 нафарга яқин аёллар ва ёшларни бир вақтнинг ўзида пазандачилик, компьютер саводхонлиги мутахассисликлари бўйича профессионал ўқитиш ва бу орқали уларни маълум даромад манбалари билан таъминлаш, иқтисодий фаолликларини янада оширишни режалаштирганмиз, – дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов.
– Ушбу касбга ўргатиш масканларига туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиқлари раҳбар этиб тайинланади. Улар ўз навбатида масканларнинг мақсадли ва самарали фаолият юритишини тўлиқ таъминлаб боради. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳам ушбу ўқув курсларининг мунтазам давом этиши ва унга ҳудуддаги барча кам таъминланган ва ишсиз аҳоли қатламлари ҳамда касб-ҳунарга ўқиш истагидаги барча маҳаллий аҳоли вакилларини қамраб олинишида бор имкониятларини сафарбар этади.
– Жорий йилнинг май ойида “Сардоба” сув омборида рўй берган техноген вазият туфайли Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги бир қанча аҳоли пунктлари, ижтимоий соҳа объектлари, қишлоқ хўжалиги экинларига жиддий зарар етгани ҳақида биз ҳам хабардормиз, – дейди Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги директори Пак Сунжин хоним.
– Жорий йилнинг ўтган даврида мазкур фавқулодда ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жабрланган фуқароларга тезкор ёрдам кўрсатиш бўйича Президентингиз бошчилигида жуда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилганини мана ўз кўзимиз билан кўриб, гувоҳ бўлиб турибмиз. Биз ҳам тошқиндан зарар кўрган ҳудуд аҳолисига ёрдам кўрсатиш мақсадида – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда “ISTIQBOLLI AVLOD” Ижтимоий ахборот маркази билан ҳамкорликда “Сирдарё вилоятидаги аҳолининг заиф қатламини қўллаб-қувватлаш дастури” лойиҳаси доирасида амалга ошираётган ишларимиз замирида айнан мана шу – ўзаро ҳамкорлик, дўстлик деган улуғ эзгу ният мужассамлигини фахр билан таъкидлаган бўлардим. Сирдарёлик аёллар ушбу ўқув масканларида касб-ҳунар ўрганиб ижтимоий ҳаётда ўзларининг муносиб ўринларини топишига ишонаман.
– KOICA агентлиги томонидан киритилган маблағ ҳисобига ташкил этилган ушбу ўқув масканида 50 нафарга яқин аёлларнинг касб-ҳунар эгаллашлари учун барча замонавий шароит яратилди, – дейди Оқолтин тумани ҳокими Дилмурод Фозилов. – Масканда ишсиз аёллар ва ёшларни бир вақтнинг ўзида ошпаз-пазандачилик ва компьютер саводхонлиги мутахассисликлари бўйича профессионал ўқитиш ва бу орқали уларни маълум даромад манбалари билан таъминлаш, иқтисодий фаолликларини янада ошириш мумкин бўлади. Ушбу масканда туманимиз аёлларининг ҳунар ўрганиб, малакасини ошириб ўқиб чиқиши уларнинг бандлигини таъминлайди ва оиласи бюджетини юксалтиради, деган умиддамиз.
Шу ўринда, ушбу маскан фаоллари талабаларнинг ижтимоий келиб чиқиши, қизиқиши ва имкониятларини инобатга олиб, уларга ўз қизиқишлари бўйича йўналишлар бериб борилишини ҳам қўшиб ўтиш лозим.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, KOICA вакиллари ҳамда пресс-турда иштирок этаётган журналистларнинг кейинги ташриф манзили – Сардоба туманидаги Бирлик маҳалла фуқаролар йиғини сари бўлди.
У ерда меҳмонларни туман ҳокимлиги, секторлар раҳбарлари, маҳалла фаоллари ва миллий либослардаги қизлар нон-туз билан кутиб олди.
Ўқув масканининг тантанали очилишидан сўнг пресс-тур иштирокчилари ўқув масканида касб-ҳунар ўрганаётган ўқувчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди, улар томонидан тайёрланган турли пишириқлар – торт, пирожний, пахлава каби мазали таомлардан татиб кўриб, тайёрланишига юқори баҳо беришди.
Шу ўринда, Сардоба тумани Бирлик маҳалласида ўз фаолиятини бошлаган маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш маскани қошида кутубхона ва аёлларга зарур маслаҳатлар берувчи алоҳида хизмат турлари ташкил этилганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
– Ушбу касб-ҳунарга ўқитиш масканимизга ҳужжатлар туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш масканининг йўлланмаси асосида қабул қилинади, – дейди Сардоба тумани ҳокими Абдуазим Хидиров.
– Ўқитиш муддати йўналишидан келиб чиқиб 6, 3, 1 ойдан иборат бўлиб, масканда таҳсил олувчи “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар учун туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маскани томонидан ўқув даври мобайнида энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида ишсизлик нафақасини бериб боришни йўлга қўйдик. Шунингдек, ушбу касб-ҳунарга ўқитиш масканини тамомлаб чиққан хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш борасида ҳам аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Тадбир иштирокчилари – Мирзаобод туманидаги Деҳқонобод маҳалласида карнай-сурнай ва дўмбира садолари остида тантанали равишда кутиб олинди. Ушбу ўқув маскани учун ажратилган маданият маркази қайта реконструкция қилиниб, бу ерда касб-ҳунар ўрганувчилар учун барча зарур шароитлар яратилган.
– KOICA агентлиги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамкорликда ташкил этилаётган аёлларимизни касб-ҳунарга ўқитишга мўлжалланган ушбу маскан фақат шу йўналишлар билан чекланиб қолмаслиги ҳақида бу ерда айтилган фиклар бизга жуда маъқул тушди, – дейди Мирзаобод тумани ҳокими Жонибек Яриев. – Маълум вақт ўтиб, шу ҳудудлардаги аҳолининг таклиф ва истаклари ўрганилиб, шу асосда кейинчалик қўшимча равишда хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик йўналишлари бўйича махсус ўқув курсларини очиш ҳам кўзда тутилганлиги алоҳида таҳсинга лойиқ. Иш билан банд бўлмаган аёлларимизнинг бир неча касб-ҳунарни ўрганишлари ўзлари учун ҳам оилалари учун ҳам, қолаверса ўзини ўзи банд қилишда ҳам жуда муҳим аҳамият касб этади.
– Ушбу лойиҳани амалга ошириш доирасида мазкур ҳудудларда яшовчи 10 мингта эҳтиёжманд оилаларга зарур ижтимоий аҳамиятга эга воситалар, шунингдек, 45 та ҳасса ва қўлтиқ таёқ, 92 та катталар, 7 та болалар ногиронлик аравачалари, 45 та эшитиш мосламалари тарқатишни режалаштирганмиз, – дейди KOICA директори ўринбосари Жо Хён Ёнг хоним.
– Лойиҳамизнинг яна бир муҳим ташаббуси сифатида жорий йилнинг 6-9 ноябрь кунлари “ISTIQBOLLI AVLOD” Ижтимоий ахборот марказининг Сирдарё вилояти бўлими томонидан Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги 45 нафар маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва ўринбосарлари ҳамда 10 нафар етакчи волонтёрлардан иборат гуруҳ Жиззах вилоятидаги “Зомин” оромгоҳида ташкил этилган семинар-тренингларда “Ижтимоий ходим” сифатида ўқитилди. Ташкил этилган ушбу семинарлар давомида иштирокчилар малакали тренерлар ёрдамида “Ижтимоий ходим”нинг касбий билимлари, кўникмалари, фаолияти ва вазифалари ҳамда кейс-менежмент бўйича зарур кўникмаларга эга бўлди.
– Мазкур лойиҳа доирасида талофат оқибатларини бартараф этишда давлатимиз ва маҳалла тизими ходимлари томонидан аҳолига кўрсатилган зарур ёрдамлар ҳамда коронавирус касаллигини олдини олишда маҳалла ходимлари ва жамоатчилик вакилларининг ўрни ва аҳамиятини очиб берувчи 2 та видеоролик тайёрланмоқда – дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бўлим бошлиғи Гулжамол Шукурова.
– Видеороликлар телевидение ҳамда тармоқларда намойиш этилади. KOICA агентлиги делегацияси аъзоларида коронавирус инфекциясидан ҳимояланиш борасидаги зарур тавсия ва кўрсатмаларни ўз ичига олган кўргазма баннерларининг Тошкент ва Гулистон шаҳарлари, Сардоба, Оқолтин ҳамда Мирзаобод туманларининг марказий кўчаларига илиб қўйилгани, Сирдарё вилоятининг 3 та туманида ташкил этилган ўқув масканлари катта таассурот қолдирди.
А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА