Сирдарё соҳили экотуризм масканига айланади
Сирдарё вилоятида туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича яна бир йирик лойиҳа амалга оширилади. Бу Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити ва инфратузилмани яхшилашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Қарор ижроси доирасида Гулистон ва Сирдарё туманлари орқали ўтувчи Сирдарё дарёси бўйлаб экологик ва замонавий туризм объектлари барпо этилади. Лойиҳа доирасида экопарклар, чодирли ва ўтовли лагерлар, қайиқда сайр қилиш, сув саёҳатлари, балиқ овлаш масканлари ҳамда балиқ таомларига ихтисослашган умумий овқатланиш нуқталари ташкил этилиши режалаштирилган.

Гулистон тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган музокараларда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги лойиҳа офиси, Архитектура ва қурилиш бошқармаси, шунингдек Малайзиянинг “Apudg sdn bhd” компанияси вакиллари иштирок этди. Учрашувда дарё бўйи ҳудудини функционал туризм зоналарига ажратиш бўйича мастер режа ишлаб чиқишга келишиб олинди.
– Бу ташаббус нафақат тумандаги туризм салоҳиятини оширади, балки янги иш ўринлари яратиб, маҳаллий иқтисодиётга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Энг муҳими, экологик мувозанатни сақлаган ҳолда аҳоли ва меҳмонлар учун эстетик муҳитда дам олиш имконини беради, – дейди Гулистон тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев.

Экспертларнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа хорижий тажрибаларни маҳаллий шароитга мослаштирган ҳолда амалга оширилади. Шу билан бирга, у ҳудуддаги табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, туризм хизматларини кенгайтириш ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришга ёрдам беради. Энг муҳими, ушбу лойиҳа ҳисобига Гулистон ва Сирдарё туманларининг туристик салоҳияти ошади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири