Сифатсиз ювиш воситаси савдодан олинди
Жиззах вилоятида стандарт талабларига жавоб бермайдиган “HAVEN” бренди остидаги ювиш воситалари савдо расталаридан олиб ташланди ва белгиланган тартибда йўқ қилинди.
Бу чора Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси вилоят бўлими томонидан ўтказилган назорат хариди давомида амалга оширилди. Ўтказилган лаборатория таҳлиллари ушбу маҳсулотнинг истеъмол учун яроқсиз ва хавфли эканини кўрсатди.
Экспертиза хулосаларига кўра, маҳсулот таркибидаги фаол моддаларнинг массавий улуши белгиланган меъёрларга мос келмаган. Шунингдек, ишлаб чиқарувчи томонидан амалдаги стандарт белгиларининг кўрсатилмагани, сертификат мавжуд бўлмаса-да, қадоқларга сохта мувофиқлик белгиларининг туширилгани аниқланган.
Бундан ташқари, маҳсулот ёрлиғида истеъмолчилар учун муҳим бўлган сақлаш шартлари ва қўллаш бўйича йўриқномалар мавжуд эмаслиги ҳам жиддий қонунбузилиши сифатида қайд этилди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА