“Ёпиқ эшик” суратларда акс этганда
Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида рассом Умар Ражабовнинг “Ёпиқ эшик” номли шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кўргазмада рассомнинг сўнгги икки йил ичида яратган янги ишлари намойиш этилмоқда.

Тадбирда қайд этилганидек, ушбу кўргазма рассомнинг еттинчи маротаба ўтказилаётган шахсий кўргазмаси ҳисобланади ва ижодий йўлининг янги босқичини англатади. Бу энди шунчаки анъанага мурожаат эмас, балки тарихни шахсий тажриба ва касбий ўсиш призмаси орқали қайта идрок этаётган рассомнинг етук ва мукаммал нигоҳидир.
Умар Ражабовнинг янги кўргазмаси тарихий хотиранинг бадиий тадқиқотидир. “Ёпиқ эшиклар” образи марказий метафора - йўқолган билимлар, унутилган даврлар ва замонавийликка таъсир кўрсатишда давом этаётган маданий қатламларнинг рамзига айланади.

Асарларда Марказий Осиёнинг қадимий минтақаси, маданият ва илм-фан бешиги, “минг қалъалар мамлакати” бўлган Хоразмга алоҳида эътибор қаратилган. Амударёнинг қуйи оқимидаги ноёб суғориш тизими туфайли шаклланган бу макон маданий код ва рассомнинг илҳом манбаи сифатида намоён бўлади.

Кўргазма 10 майгача давом этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА